Қандай қилиб ёш кўриниш мумкин?

09:49, 24 октябрь

Биз кўпчилик актрисаларнинг ўз ёшидан 10-20 ёшга ёш кўринишидан ҳайратга тушамиз. Баъзи юлдузлар эса сира қаримайдигандек кўринади. Уларнинг сирини билишни истайсизми? Ёш кўриниш сабабларига тўққиз мисол.

1. Табассум - бу кўпчилик аёлларнинг ишончли «қуроли». Кўпчилик актрисаларнинг таъкидлашича, уларнинг латофатининг сири пластик операцияларда эмас, балки ажойиб табассумида. Ҳақиқатан ҳам табассум майда ажинларни текислайди, чеҳрани яшнатади, кўзлар порлаб туради ва ҳар қандай косметикадан афзал.

2. Келишган қад-қомат - Жулия Робертс ва Энди Макдуэллнинг асосий гўзаллик сири. Чиройли қомат кишини 10, ҳатто 20 йилга ёш кўрсатади.

3. Насл. Рене Руссога ёш кўриниш наслдан ўтган. Шунинг учун у ёшлигидан онасининг юзига қараб 40 ёшдан кейин унда қандай муаммолар пайдо бўлиши мумкинлигини аниқлаб борган ва шунга қараб парваришни йўлга қўйган экан.

4. Фитнес. Қад-қоматингиз келишган бўлишига қарамай ўзингизга эътиборни бутунлай ташлаб қўйсангиз, гўзаллигингизни сақлаб қололмаслигингиз мумкин. Холли Беррининг айтишича, фитнес ёшлик, гўзаллик ва саломатлик гаровидир. Бундан ташқари, фитнес машғулотлари тетиклик, яхши кайфият, ажойиб кўриниш ҳадя қилади.

5. Косметикасиз юриш. Косметикасиз юриш аёлни 5 ёшгача кичик кўрсатади. Аксинча, пардознинг ортиқчаси сизга ёшингиздан ҳам катта ёш қўшиб кўрсатади. Француз аёлларининг «а-ля натюрель» услубида фақат рангсиз косметика қўлланилади. Ҳатто Мадонна ёшлигида жуда кўп косметикадан фойдаланган бўлса-да, ҳозир рангсиз бўёқларни маъқул кўради.

6. Ўртача бўй. Бундай бўй билан моделлик агентлигига қабул қилишмаса-да, 30 ёшдан сўнг кичик бўйингиз сизнинг фойдангизга: бўйдор аёллар ёшига нисбатан улуғ кўринишади, 45 ёшида 165 см бўйли аёллар анча ёш кўринади. «Бойлар ҳам йиғлайди» сериали юлдузи Вероника Кастрони эсланг. Биринчи серияларда у 17 ёшли қизни ўйнаганди.

7. Узун сочлар ва кокиллар. Очроқ рангдаги сочлар ҳар доим ёшлик ва гўзаллик ифодасини бериб келган. Хўш, унда қорсоч гўзаллар-чи? Узун қора сочларни елкаларга ёйиб олинг! Сандра Баллокни ким 52 ёшда дейди? Узун сочлар нафислик тимсоли. Ёш кўринишнинг яна бир сири: пешанадан кесилган кокиллар. Бу пешанадаги майда ажинларни яширади ва чеҳрангизга сирлилик беради.

8. Ярашиқли кийим. Женнифер Лопес баданга ёпишиб турадиган топлар, равон жинсилар ҳам бир неча ёшга кичик кўринишда ёрдам беради. Албатта, қад-қоматга ярашиб турса бундай кийимларни ҳар қандай ёшда ҳам кийиш мумкин.

9. Қувноқлик. Ким Бейсингернинг айтишича, ёш кўриниш учун киши ўзини ёш ҳис қилиши керак. Ҳаётдан завқлана билиш, ҳазиллар қилиш, кулиб юриш, ҳар доим яхши кайфиятда бўлиш аёлни ҳақиқатан ҳам ёшартиради. Доим гўзал ва ёш бўлинг!

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!