Тишлар учун «тез ёрдам»

10:02, 24 октябрь

Агар тишларингиз безовта қилса-ю, стоматолог қабулига бориш учун ҳафта охирини кутишга тўғри келса, унгача аҳволингизни яхшилайдиган, оғриқни қолдирадиган оддий рецептларни билиб қўйганингиз зарар қилмайди. Оғиз бўшлиғининг бирмунча кўп учрайдиган касалликлари ҳақида стоматолог-шифокор Эркин РАСУЛОВ маълумот беради.

Кариес

Кариес тишларни яхши тозаламаслик, таркибида шакарли моддалар бўлган егуликлар истеъмоли туфайли юзага келади. Афсуски, ширинликлардан воз кечиш осон эмас, тишларни мустақил тозалаш ҳам 100 фоизлик самара бермайди. Шу боис кариес пайдо бўлишининг олдини олиш учун ҳам ҳеч бўлмаганда йилига икки марта стоматолог кўригидан ўтиб туриш ўринли. Бу сизни шифокор қабулига бирмунча жиддий муаммолар билан боришдан асрайди.

Кариес юзага келганда имкон қадар тезроқ шифокорга мурожаат қилинг. Унгача уй шароитида оғриқ қолдириш учун қуйидагиларни тавсия этиш мумкин:

  • бир стакан сувга бир чой қошиқ ичимлик содаси солиб, кун давомида вақти-вақти билан оғизни чайқаб туриш керак.
  • Қора ноннинг юмшоқ қисмини саримсоқ пиёз шарбатига аралаштиринг. Ҳосил бўлган массани оғриётган тишга қўйинг.
  • Зирани кукун бўлгунча майдалаб, оғриётган тишга қўйиш мумкин.

Тиш эмали таъсирчан бўлиб қолса…

Бунинг сабаблари турлича. Масалан:

• Нотўғри овқатланиш натижасида организм эмалнинг нормал ҳолати учун керакли моддалар билан таъминланмайди. Ширинликлар, ширин, газланган ичимликлар ва нордон маҳсулотлар тиш ҳимоя қаватининг кимёвий бузилишига олиб келади.

• Тиш нерви яллиғланганда, шунингдек, гигиена қоидаларига амал қилмаслик оқибатида ҳам тишлар иссиқ-совуққа таъсирчан бўлиб қолади...

Уй шароитида қўлланиладиган қуйидаги муолажалар тиш эмалини мустаҳкамлашда ёрдам беради:

  • 1 стакан ёғсиз творогга 1 чой қошиқ зайтун ёғи аралаштиринг. Ҳосил бўлган массани тишларингизга 5-10 дақиқага қўйинг. Кейин оғзингизни илиқ сув билан чайинг. Муолажани 7-10 кунда бир марта қўлланг.
  • Оғзингизни кунига 1-2 марта илиқ кўк чой билан чайқанг.
  • Элакдан ўтказилган буғдой унига 1 чой қошиқ асал қўшинг. Яхшилаб аралаштиринг, ҳосил бўлган «хамир»ни тишларингизга қўшинг. 10 дақиқадан сўнг аввал қайнатилган сув, кейин бироз иситилган сут билан чайинг. Муолажани бир ҳафтада 1-2 марта қўллаш мумкин.

Милклар қонаса…

Милклар яллиғланиши, асосан гингивит белгиси ҳисобланади. Агар гингивит даволанмаса, бирмунча жиддий муаммо — парадонтитга сабаб бўлиши мумкин.

Ҳомиладорлик даврида ҳам милклар қонаши кузатилиши мумкин. Бу организмдаги гормонал жараёнлар билан боғлиқ. Шунингдек, чекиш, стресс ва нотўғри парҳез, қандли диабет касаллиги, организмда С витамини етишмаслиги ҳам милклар қонашини келтириб чиқаради.

Агар милкларингиз қизариб, оғриса, уй шароитида қўлланиладиган қуйидаги рецептлар айни сизбоп:

  • Тенг миқдордаги эман пўстлоғи ва мойчечак қайнатмасини аралаштириб, кунига 2-3 марта оғзингизни чайқанг. Бу милклар шишини, қонашини камайтиради.
  • Кунига 2-3 марта зуптурум (подорожник) қайнатмаси билан оғзингизни чайқасангиз, бу милклар яллиғланишига қарши таъсир кўрсатади.
  • Тенг миқдордаги бўйимодарон (тысячилетник) ва қичитқиўт (крапива) қайнатмаси билан оғзингизни эрталаб ва кечқурун овқатлангандан кейин чайинг. Бу милкларни мустаҳкамлайди, уларнинг шишиши ва яллиғланишини бартараф этади.

Агар милкларга иссиқ овқат ёки қаттиқ егулик билан зиён етказиб қўйсангизу улар шишиб, оғриса, мармарак (шалфей) қайнатмасини оғзингизга бироз вақт солиб туринг. Муолажани кун давомида бир неча марта такрорланг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!