Уй бекаси бўлиш афзалми, уятми, зерикарлими ёки?..

10:11, 24 октябрь

Ўйлаб кўрсангиз, уй бекаси деган тушунча кимдадир ҳурмат ҳиссини уйғотади, кимдир уйда ўтирадиган аёлларни менсимайди, яна кимнингдир қандай қилиб кун бўйи уйда ўтириш мумкинлигига ақли етмайди. Лекин ҳаммамизга ҳам маълум вақтга бўлса-да уйда ўтиришга тўғри келади. Нега дейсизми? Декрет, янги иш излаш, таътил дегандай… Хуллас, сабаблар кўп. Шунинг учун, келинг, аввал ушбу саволга жавоб излаб кўрайлик: уй бекаси бўлиш уятми, обрўми, эскидан қолган одатми, зерикарлими ёки?..

 «Уйда ўтириш зерикарли»ми?

Ишлайдиган хонимларга уй бекалиги зерикарлидай туюлади. «Уй бекалари зерикади, шунинг учун уларда стресс кўп учрайди», деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор. Лекин аслида уй бекалари меҳнаткаш хонимларга нисбатан камроқ стрессга чалинар экан. Чунки уларда йиллик ҳисоботлар ташвиши, бошлиқдан гап эшитиш ҳадиги йўқ, мукофот пулидан «кесишмайди»… Улар кунларини ўзлари хоҳлагандай режалаштиришади, кўпроқ вақтини турмуш ўртоғи ва фарзандларига ажратишади…

Қолаверса, ишлайдиганлар-чи? Сизнингча, улар зерикмайдими? Қай бир иш билан машғул бўлманг, бир хиллик барибир зериктиради. Масалан, телефон қўнғироқларига жавоб берадиган аёлнинг иши ташқаридан қараганда жуда қизиқарли туюлиши мумкин. Ёки эрталабдан кечгача лабораторияда микроскопга термулиб, анализларни кўрадиганларнинг иши-чи? Умр бўйи кимларнингдир тишини ковлаб, ямаб, суғурадиган стоматологнинг иши сизнингча, зерикарли эмасми?..

Бир қўшним хор артисти. Кун бўйи уйидан бир хил оҳангдаги куй эшитилиб туради. Ўзи ҳам қачон қарама «о-хо-хо-хо» дейишдан нарига ўтмайди. Ҳар доим шу бир хил аҳвол. Баъзида ўйлайман: концертига борганлар орасида унинг саҳнадаги ижросидан завқланиб, «бу артистга қанчалар маза!» деб хаёлдан ўтказадиганлар бордир. Лекин унинг саҳна ортидаги ҳаёти, ҳар кунлик «хохо»лашлари, асбоби ёнидан соатлаб жилмайиб ўтириши зерикарли туюлмаяптими сизга?..

Хуллас, ишлайдиган аёллар баъзан уйда ўтиришни хоҳлаб қолади. Уй бекалари эса ишлайдиганларга ҳавас қилади. Ўйлаб қоласан киши: бу қарама-қаршилик табиат қонуними ё одамзот шунчалик ношукурми? Эҳтимол, ишлайдиганларга нисбатан уй бекаларининг «иши» бироз зерикарлидир, бироқ ҳамма гап қайси бири муҳимлигида. Аёл эса албатта оилани танлайди. Аслида ҳам ҳеч бир касб оила мустаҳкамлиги, унда янги инсон шахсининг шаклланиши, фарзанд тарбияси борасидаги масъулият билан тенглаша олмайди. Лекин баъзи уй бекалари ёш болалари бўла туриб, ҳаётнинг зерикарлилигидан нолишади. Аслида эса бундай оналарга бир гапни эслатиб қўйиш жоиз: айни пайтда сиз бажараётган «иш» абадий. Ҳозир сиз ҳаммадан ҳам фарзандларингизга кераксиз! Кейин эса айни ҳозирги дамлардан фақат ширин хотираларгина қолади. Фарзандларингиз бир пасда улғайиб қолишади. Уларнинг ширин гўдаклик даврини эса ортга қайтара олмайсиз!

5 маслаҳат

1. Уйда ўтирган вақтингиздан ҳам унумли фойдаланинг. Илгари вақт тополмаган ишларингизни энди амалга оширинг. Масалан, янги билимлар ўрганишга (тил, кулинария, тикиш-бичиш, тўқиш…) ҳаракат қилинг.

2. Ташқи кўринишингизга беътибор бўлманг. Ахир фақат бирор жойга кетиш олдидан ўзингизга оро бермай, ўзингиз учун ҳам гўзат бўлишингиз керак!

3. Уйқу ва дангасаликка берилманг. Ҳар бир кунингизни режалаштиринг.

4. Ҳеч кимга, айниқса ўзингизга «уй бекаси бўлиш зерикарли», деган фикрни ўйлашга ҳам, гапиришга ҳам имкон берманг. Ўйлаб кўринг, давлат бошлиқларию миллионерларнинг рафиқалари бежизга ўзига ишонган уй бекалари бўлмаган ахир!

5. Энг асосийси, уй бекаси ҳақида шахсий фикрингиз бўлсин. Баъзилар «уй бекалари ҳеч иш қилмайди, шунинг учун улар қизиқиш уйғотмайди», деб ўйлайди. Лекин уй бекаси бўлиш катта меҳнат эканини биласиз ва фақат сиз ҳақиқий уй бекаси — идеал, самимий ва ғамхўр рафиқа эканини исботлай оласиз!

Афзалликлари

+ Уй бекалари зиддиятлар, муаммоларга дуч келиш мумкин бўлган ишхонага боришга мажбур эмас.

+ Уларнинг нимани қандай қилиш кераклиги ҳақида буйруқ бериб турадиган раҳбари йўқ.

+ Яқинлари билан бирга бўлиш учун уларда вақт етарли.

+ Уй бекалари учун янги лавозимга кўтарилиш мақсадида эркаклар билан ҳам рақобатлашишга ҳожат йўқ.

+ Энг асосийси — эркин иш вақти. Уй бекаси ўз кунини ўзи режалаштиради. Шунинг учун нафақат уй йиғиштириш ва кир ювишга, ҳатто, сайрга ҳам вақт топади.

+ Оиласи, эри ва болаларига кўпроқ вақт ажрата олади.

+ Янги билимлар эгаллаш (масалан, тил ўрганиш…) имкони кўп.

«Минус»лари

Уйда иш адо бўлмайди. Шунинг учун кун бўйи ҳолдан тояр даражада ишласа-да, қилган иши ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайди.

Ўзи ҳаракат қилмаса, эри учун зерикарли бўлиб қолиши, суҳбат учун умумий мавзу бўлмаслиги мумкин. Бу эса оилавий зиддиятларни келтириб чиқаради.

Жуфтига молиявий қарамлик.

Бир неча йил уй бекаси бўлиб ўтиргач, иш топиш осон бўлмайди. Рўзғор билан бандлигингизда кўп нарсалар ўзгарган бўлади. Шунинг учун кўпроқ меҳнат қилиш, изланишга тўғри келади. Бундан ташқари, иш берувчилар ҳам «уй бекаси»ни қучоқ очиб кутиб олмайди.

Албатта, юқорида келтирилган барча «плюс» ва «минус»ларни ҳамма аёлларга тўғри келади, деб бўлмайди. Чунки ҳаётда бахтиёр уй бекалари ҳам, бахтсиз бизнес-ледилар ҳам бор ёки аксинча. Асосийси, ўзингизни қай бирида бахтли ҳис қилсангиз, шунисини танланг!

НИЛУФАР

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!