Адҳамжон Эргашев — жаҳон чемпиони!

11:14, 24 октябрь

Малайзиянинг Пенанг шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати давом этяпти. 20 октябрь куни старт олган мазкур нуфузли мусобақа эртага, 25 октябрь куни якунига етади. Қувонарлиси жаҳон чемпионатида 62 кг вазн тоифасида иштирок этган ҳамюртимиз Адҳамжон Эргашев ўз вазн тоифасида барча рақибларини ортда қолдириб олтин медалига сазовор бўлди ва жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.

Ўзбекистон МОҚ матбуот хизматининг маълум қилишича, Адҳамжон даст кўтаришда 125, силтаб кўтаришда 155 кг тошни ўзига бўйсундириб, умумий 280 кг натижа билан биринчи ўринни эгаллади. Мазкур вазн тоифасида кумуш медали Хитойлик Юнбан Вэй (276 кг) га, бронза эса Россиялик Зулфат Гараев (273кг)ларга насиб этди.

Бунга қадар Адҳамжон Эргашев II ўсмирлар Олимпия ўйинлари ҳамда ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида совриндорлар қаторидан ўрин эгаллаганди. Энди эса у ўз шахсий коллекциясига жаҳон чемпионатининг олтин медалини ҳам қўшиб қўйди. Эътиборлиси Малайзиядаги жаҳон чемпионатида терма жамоамиз шарафини биргина спортчи – Адҳамжон Эргашев ҳимоя қилди ва у ўзига билдирилган ишончни тўла оқлаб жаҳон чемпионатида мадҳиямиз янграшига ҳамда байроғимиз сарбаланд кўтарилишига сабабчи бўлди. 

Умуман олганда 2016-йилги спорт мавсуми оғир атлетикачиларимиз учун омадли келди. Шу йилнинг 22-30 июнь кунлари Грузия пойтахти Тбилиси мезбонлик қилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Фарход Собиров 20 ёшли спортчилар орасида барча рақибларидан ўзиб кетиб олтин медалга сазовор бўлганди. Орадан икки ой ўтар ўтмас Руслан Нуриддинов Рио-де-Жанейродаги XXXI ёзги Олимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритиб, Олимпия рекордини янгилаган биринчи ўзбекистонлик спортчига айланди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!