Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳри ва бир нечта туманлари ҳокимлари ўзгарди

11:45, 24 октябрь

Халқ депутатлари Гулистон, Ширин шаҳарлари, Оқолтин, Сайхунобод, Сардоба, Сирдарё туманлари кенгашларининг навбатдан ташқари сессиялари бўлиб ўтди. Сессияларда ташкилий масалалар кўрилди, деб хабар беради Сирдарё вилояти ҳокимлиги расмий сайти. 

Депутатлар Сирдарё вилояти ҳокими Ойбек Ашурматовнинг тавсиясига кўра, Гулистон шаҳрига Сирдарё вилояти ҳокимининг маъмурий масалалар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўзини ўзи бошқариш органлари ва ёшлар сиёсати масалалари бўйича биринчи ўринбосари Шерзод Шуҳратуллаевич Исматуллаевни, Ширин шаҳрига “Ўзбекенерго” акциядорлик жамияти электростанциялардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Илҳомжон Махмуджонович Бегалиевни, Оқолтин туманига Жиззах вилояти Зомин тумани “Автосаноат-агро-Жиззах” масъулияти чекланган жамияти раиси Ҳамробой Раҳимович Раззоқовни, Сайхунобод туманига Сирдарё вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Носиржон Махмудович Эгамбердиевни, Сардоба туманига Сирдарё вилояти прокуратураси қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи Шукурулло Хўжамқулович Турсуновни, Сирдарё туманига “Сирдарёавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти директори Собиржон Назаровни ҳоким этиб тасдиқладилар.

Сессияларда вилоят ҳокими Ойбек Ашурматов туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича маърузалар қилди. Сессияларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси Даврон Абитович Назармуҳаммедов қатнашди ва сўзга чиқди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!