Аёли ва фарзандини хўрлаган жоҳил 18 йил умрини қамоқда ўтказадиган бўлди

11:56, 24 октябрь

 

Низога сабаб бўлган кассета, ўн йиллик асоссиз зуғумлар ва ваҳшийлик исканжаси тафсилоти

Халқимизда шундай мақол бор: “Сабр қилсанг ғўрадан ҳолва унар...” Аммо ҳаётда баъзида бунинг аксига ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. “Ҳуқуқ” газетасининг 40-сонида келтирилган бир жиноят иши мисолида сиз ҳам шундай хулосага келсангиз ажаб эмас...

Дадаси, куёвингиз меҳмонга чақираяпти, бориб келамизми? — деди Зуҳра опа (жабрланувчиларнинг исм-фамилиялари ўзгартирилган) томорқадан чиқиб келаётган эрига.

— Қандай бўларкин? Ўғлинг ҳали тўйнинг кассетасини ҳам тайёр қилгани йўқ. Қизингни безовта қилиб қўймасмикинмиз?

— Юрақолинг энди. Кассетани кейинроқ олишар. Баҳонада улардан хабар олиб қайтамиз.

Кечга яқин Зуҳра опа эри билан куёвининг уйига борди. Зоира келинлик либосида янаям очилиб кетганлигини кўриб, "илойим, бахтли бўлгин", дея дуо қилишди. Куёв ҳам қайнона-қайнотасини илиқ кутиб олди...

НИЗОГА САБАБ БЎЛГАН КАССЕТА

Тўйнинг кассетасини олиб келишмабдими? — сўради Дилшод меҳмонлар кетгач дастурхонни йиғиштираётган хотинидан.

— Ҳали тайёр бўлмабди. Кейинроқ келтириб беришаркан, — деди Зоира эрига жилмайиб.

Бу жавобдан Дилшоднинг кайфияти бузилди. Хотинига зарда қилди.

— Укангнинг тайини йўқлигини бошдан билардим. Бошқа видеочи чақирсам бўларкан. Ҳе, уруғинг-ни...

Зоира биринчи бор бундай ҳақоратли сўзни эшитиши эди. Ўзини қўлга олиб, "Битта кассета учун сўкиниш шартми", деди.

Дилшод жавоб бериш ўрнига Зоиранинг юзига тарсаки туширди. Ҳали чилласи ҳам чиқмаган келинчак учун бу кутилмаган зарба бўлди. Зоира олдинда уни бундан ҳам баттар кўргуликлар кутиб турганини ҳали билмасди.

ЎН ЙИЛЛИК АСОССИЗ ЗУҒУМЛАР

Орадан йиллар ўтди. Оилада фарзанд дунёга келди. Дилшод тез-тез ичиб келиб, тўполон кўтарар, кейин муштига эрк берарди. Ёшгина аёл эрининг асоссиз зуғумлари остида кун сайин ҳаётдан безиб борарди.

Орадан ўн йил ўтса-да, Дилшоднинг феъли ўзгармади. Баъзан кўчадан эшитган ғийбат гаплар, баъзан эса арзимаган баҳона сабаб Зоирага кун бермади. Аёл бу хўрликларга чидай олмай, ўз жо-нига қасд қилди. Хайриятки, шифокорларнинг ёрдами билан унинг ҳаёти сақлаб қолинди. Хотинининг бу ҳаракатидан Дилшоднинг бир муддат кўзи очилгандек бўлди. Бироқ кўп ўтмай, эски одати қўзиб, яна Зоирани калтаклай бошлади.

Зуҳра опа қизи хўрланиб яшаётгани учун ич-ичидан эзилиб юрарди. Аммо куёвининг бир кун инсофга келишидан умидвор эди.

ПУЧГА ЧИҚҚАН УМИД

Зуҳра опа қизидан хабар олиш учун унинг уйига борди. Ҳовлидаги бақир-чақирдан куёви яна жанжал қилаётганлигини тушунди.

Дилшод қайнонасини кўргач, баттар жаҳли чиқди. Гўё хотини шикоят қилгандек туюлди. Шундай хаёл билан яқинида турган офтобани олиб, Зоирага отди. Ҳайтовур мўлжалдан адашди. Йўқса...

— Бунчаликмас-да, энди куёв, — деди Зуҳра опа ошкора жаҳл билан. — Қайси айби учун қизимни бунча хўрлаяпсиз? Яшагингиз келмас экан, ана, судга мурожаат қилинг, қонуний ажрашинг.

Зуҳра опа бошқа гапирмади. Ичкарида уларни қўрқув билан кузатиб турган набирасига кўзи тушди. Қизига, набирасига раҳми келиб, бўғзига тиқилган ёшини тутиб тура олмади.

— Қизинг мендан ўлиб ажралади. Бошқа йўли йўқ, — Дилшод чорасиз қайнонасига ғазаб билан ўшқириб кўчага чиқиб кетди. 

* * *

— Қаердасан? Ҳе...

Зоира дарвозадан аранг кириб келаётган эрини кўриб муқаррар тўполонни ҳис қилиб, ноилож қаршисига чиқди. Деворга суяниб турган эрини уйга олиб кириш учун қўлтиғидан тутди. Аммо Дилшод уни тепиб юборди. Кейин устма-уст юз-кузи аралаш мушт туширди. Зоира амаллаб кўчага қочиб чиқди ва тўғри маҳалла участка нозирига борди.

Шу куни Дилшодни наркология диспансерига олиб кетишди. Зоира ўғлини етаклаб отасининг уйига борди.

Дилшод диспансердан чиқиб, уйига келганида хотини ва ўғли ҳали қайтмаганди. Хотини қайтавермагач, уни ўлдириб, қутулишга аҳд қилди. Ошхонадан пичоқ олиб, қайнонасининг уйига йўл олди.

ВАҲШИЙЛИК ИСКАНЖАСИ

Бу ёққа кел!

Баҳромжон отасига кўзи тушди-ю, қўрқиб онасининг олдига югурди. Дилшод ўғлини яна чақирди. Баҳромжон, агар келмаса, дадаси онасини калтаклашини билиб, унга секин яқинлашди. Дилшод ўғлини бўйи баравар кўтарди ва ерга улоқтирди. Буни кўрган Зоира боласига ёрдамга ошиқди.

— Инсофинг борми? Ахир, ўз боланг-ку! — кўксида йиллар давомида йиғилиб ётган хўрлик бош кўтариб, Зоира илк бор эрига тик гапирди. Зоира ўғлининг юз-кўзини артиб тураркан, кўчага чиқиб кетган Дилшод яна қайтиб келди. Бу сафар ўғлининг юзига тарсаки туширди. Бола ҳовлидан ўтган ариққа йиқилди. Дилшод эса вазиятдан фойдаланиб, боласини кўтаришга уринаётган Зоиранинг бўйнига пичоқ санчди...

Ҳовлида қий-чув кўтарилди. Бу воқеани кўриб, бозордан қайтаётган Зуҳра опанинг эси оғаёзди. Зоиранинг жонсиз танасини қучиб, ўкириб йиғларди...

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди Дилшод Нарзиевга узил-кесил 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!