Шерзод Бин кимга қўл кўтаради?

12:28, 24 октябрь

Фаолиятини пародия санъати билан бошлаган Шерзод Бин бугунги кунда актёр ва режиссёр сифатида ҳам ижод қилиб келяпти. Бугун уни “Қисқа ва лўнда” саҳифасига таклиф қилиб, ижодий янгиликлари, феъл-атвори ва дунёқараши ҳақида билишга уриндик. 

Мавсум янгилиги.
Шу кунларда ниятларим ижобат бўлиш арафасида. Фақат бу ҳақида ҳозир гапиролмайман. Амалда тез кунда ўзингиз кўришингиз мумкин. Бундан ташқари куни кеча илк бор режиссёрлигимда суратга олинган “Қайсар ошиқлар” фильми премъераси бўлиб ўтгани ҳам мен учун муҳим янгилик бўлди. Дилмурод Агзамова ва Рустам Муродов ҳамкорлигида хонанда Умидахоннинг клипида бирга ишладик, ушбу ижодий ҳамкорлик ҳам омадли чиқишига ишонаман. 

Тушкунлик.
Бундай пайтларда дўстларим яқинларим ёнимда бўлади. Айниқса, дўстим, акам, Баҳодир ??? доим ёнимда елкадош бўлиб, қўллаб-қувватлаб туради. Яна бир гапни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, ҳар бир инсонни ёмон кайфиятдан, омадсизликдан ота- онасининг дуоси асраб қолади. Шу сабаб доим уларнинг дуосини олишга ҳаракат қиламан.

Спорт.
Болалигимда футбол билан жиддий, профессионал шуғулланганман. Аммо айрим сабабларга кўра, уни тарк этишимга тўғри келган. Бугун эса футболнинг энг ашадий “фанат”иман. Бундан ташқари илгари спорт залда мунтазам равишда шуғуланиб турардим. Бироқ,  вақт масаласи сабаб, ҳозир машғулотларни ташлаб қўйганман. 

Миш-мишлар.
Брюс Лининг  бир гапини кўп такрорлайман. “Сен ҳақингда гапиришяптими, демак сен кучлисан. Бошқалардан илгарлаб кетгансан” Менимча бу эса ҳақиқат. Ўзим ҳақимдаги гапларга сабр қиламан. Агар ҳар бир гапга урушиб-талашсам вақтим бекорга сарфланади. 

Ёлғон.
Баъзида ўзимиз истамаган ҳолда ёлғон гапириб қўйишимиз мумкин. Бундан халос бўлиш учун инсон ўзини тарбиялаши керак. Тан оламан, мен ҳам айнан шу борада ўзимни тарбиялаб туришимга тўғри келади. 

Кечириш.
Хато қилмаган бўлсамда, бировдан узр сўраш  мен учун қийин эмас. Ўзим ҳам кечиримли бўлишни ўрганганман.

Ёқмайдиган савол.
 “Санъатга қандай кириб келгансиз” деган саволни эшитсам, жаҳлим чиқади. Бундай пайтларда “Уйдан чиққанман-да, ўнг томонимга қараб юриб келаверганман” деб жавоб бераман. 

Мусиқа. 
Улуғбек Раҳматуллаев, Шаҳруххон, Сардор Раҳимхоннинг ижодини кузатиб, қўшиқларини мароқ билан тинглайман. Алишер Файз, Отабек Муҳаммадзоҳиднинг ижодига ашаддий мухлисман, қўшиқлари жону дилим. Отабек Муҳаммадзоҳидни тўйим таклиф  қилишини ният ҳам қилиб қўйганман. 

Оила.
Оиламда ота-онам, ака-укам, синглим бор. Шахсий ҳаётимга тўхталсак, ҳали оила қуриш ниятим йўқ. Ҳали бажариб олишим керак бўлган, режалаштирган ишларим кўп. 

Қўл кўтараман...
Доим ўзимни, ҳаракатларимни назорат қилиб туришга уринаман. Аммо ота-онам, миллатим тилга олиниб, уларга ножўя гаплар айтилса ўзимни тутиб туролмасам керак. 

Алия СУЛАЙМАНОВА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!