Синаб кўринг, ўзингизга қанчалик эътиборлисиз?

14:22, 24 октябрь

Фарзандни эътиборсиз қолдириш мумкин эмас, турмуш ўртоқнинг ҳам кўнглини олиш лозим, ота-онани, қайнота-қайнонага ҳам меҳримизни изҳор қилиб туришимиз керак. Уй ишларини айтмаса ҳам бўлади! Улар доим алоҳида «ҳурмат-эҳтиром»га муҳтож. Ишингиз, оилангиз, кундалик юмушлардан ортиб, ўзигизга ҳам вақт ажратасизми? Ушбу тест синови ўзингизга қачалик эътиборли эканингизни кўрсатади.

 

1. Қоматингизни меъёрда сақлаш учун нималар қиласиз?

А. «Баъзан эрталаблари жисмоний машқлар бажариб тураман» — 5 балл.

Б. «Махсус дастур асосида овқатланаман, спорт залларга мунтазам қатнайман» — 15 балл.

С. «Ҳеч нарса қилмайман, инсон бир марта яшайди, жонимни қийнашга не ҳожат?» — 0 балл.

Д. «Эрталаблари югураман, баъзан парҳез тутаман» — 10 балл.

2. Сизга фитнес клуб ёки бассейнга бир йиллик абонемент совға қилишди. Сиз?

А. «Ундан кўра концертга чипта беришса бўларди. Кимгадир сотиб юбораман» — 0 балл.

Б. «Агар яшаш жойимда узоқ бўлмаса, қатнашга харакат қиламан. Махсус кийим ҳам сотиб олиш керакми ҳали?» — 5 балл.

С. «Бу зўр имконият-ку! Анчадан буён режалаштираётган эдим. Шифокор ҳам тавсия қилганди. Албатта, қатнайман» — 10 балл.

Д. Ўзим аллақачон бир йиллик абонемент олганман, лекин буни ҳам қўлдан чиқармайман, бораман» — 15 балл.

3. Гўзаллик салонлари сиз учун?

А. «Тез-тез бориб турадиган жойим! Маникюр, педикюр, соч турмаклари — ҳамма янгиликларни биринчи синаб кўраман» — 15 балл.

Б. «Тўй-ҳашамларга борганда кираман» — 5 балл.

С. «Беҳуда пул сарфланадиган жой, йилда бир икки марта сочимни кестириш учун киришим мумкин» — 0 балл.

Д. «Бир ойда бир бориб тураман» — 10 балл.

4. Даво масканларини қандай танлайсиз?

А. «Дўстларим, танишларим тавсиясига кўра» — 5 балл.

Б. «Ҳар хил, асосан поликлиника йўлланмасига қараб» — 2 балл.

С. «Доимий назоратида турадиган шифокорим бор, у билан маслаҳатлашаман» — 10 балл.

Д. «Бу мен учун жуда муҳим, интернет, реклама эълонларига қараб танлайман, қолаверса, нархлари юқори бўлганларига ишонаман, ахир қиммат бехислат эмас» — 15 балл.

5. Кундалик ташвишлардан ортиб кўнгил ёзишга ҳам вақт топасизми?

А. «Ҳаракат қиламан, лекин ҳар доим ҳам бунинг иложи бўлмайди» — 5 балл.

Б. «Албатта!» — 10 балл.

С. «Бу мен учун эмас, бунга вақтим ҳам, хоҳишим ҳам йўқ» — 0 балл.

Д. «Ишдан қолиб бўлса ҳам, ўзимнинг кўнглимга қарайман» — 15 балл.

6. Тиббий ёрдамга қачон мурожаат қиласиз?

А. «Дард берган, давосини ҳам беради, жуда бўлмаса, «Тез ёрдам» бор» — 0 балл.

Б. «Ўзимни ёмон ҳис қилишни бошлашим билан» — 5 балл.

С. «Мен доим хасталикнинг олдини олиш учун муолажалар қиламан» — 15 балл.

Д. «Аввал уйда ўзим даволанишга уринаман, тузалмасам, кейин шифокорга учрашаман» — 2 балл.

7. Шифокорнинг тавсиясини...

А. «Тўлиқ бажараман» — 10 балл.

Б. «Танлаб олишим учун турли муолажалар тавсия қилишини илтимос қиламан» — 5 балл.

С. «Ўқиб-ўрганиб кўраман, маъқул топсам, бажараман» — 2 балл.

Д. «Икки-уч мутахассис билан малаҳатлашиб, кейин даволанаман» — 15 балл.

8. Сизни кўпчиликнинг ичида мақташса...

А. «Жудаям уялиб кетаман» — 2 балл.

Б. «Мақтовга арзийман-да!» — 15 балл.

С. «Хурсанд бўламан» — 10 балл.

Д. «Мен фақат дакки эшитганман» — 0 балл.

9. Туғилган кунингизни қандай нишонлайсиз?

А. «Оилавий, ош, торт дегандек...» — 5 балл.

Б. «Мажбуран нишонламайман, ахир яна бир йилга қаридим-ку!» — 0 балл.

С. «Базмга аввалроқдан тайёрланишни бошлайман, муносиб ресторан, кўйлак, соч турмаги, кимларни таклиф қилсам экан?» — 15 балл.

Д. «Яқинларим билан кичик даврада йиғилиб, ўйин-кулгу қиламиз» — 10 балл.

 

Тест натижалари

4 БАЛЛДАН 20 БАЛЛГАЧА. Охирги марта ўзингиз учун қачон вақт ажратганингизни эслай оласизми? Шифокор кўригидан ўтганингизни-чи? Бу дунёнинг ташвишлари ҳеч қачон тугамайди, ҳафта, ҳеч бўлмаса, ойда бир кунни,  албатта, ўзингизга бағишланг. Ўзингизни суйиб, аясангизгина, атрофингиздагилар ҳам сизни қадрлай бошлашади.

20 БАЛЛДАН 70 БАЛЛГАЧА. Ўзингизни ёддан чиқармайсиз, лекин дангасаликданми ёки ишларингиз ўта кўплигиданми, ҳар доим ҳам ўзингиз ҳақингизда ўйламайсиз. Балки соч турмагингизни ўзгартирарсиз? Ёки косметологга бориш ҳам кайфиятингизни кўтариб, ўзингизга бўлган ишончингизни оширади.

70 БАЛЛДАН 100 БАЛГАЧА. Эътиборлисиз. Қадрингиз, ҳурматигизни биласиз. Атрофингиздагилар ҳам буни сезишади. Янгиликларни хурсанд қабул қиласиз, бу яхши. Лекин ўзингиз билан яқинларингизнинг манфаатлари дуч келганда, иккиланмай қизиқишларингизни қурбон қила оласиз.

100 БАЛЛДАН 150 БАЛЛГАЧА. Сиз ўзингизга жудаям эътиборлисиз! Ҳаётдан завқ олишни қойиллатасиз. Бу ҳатто ўта худбинлик билан ҳам йўғрилиб кетган. «Мен ва фақат мен» шиори билан яшайсиз. Ўзини яхши кўриш яхши, албатта, бироқ яқин исонларингизни эътиборсиз қолдирмаяпсизмикан? Ахир уларга ҳам меҳрингиз, эътиборингиз керак...

Ноила УМАРОВА тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!