АҚШ суди ўз қизини зўрлаган жиноятчини 1503 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди

15:22, 24 октябрь

АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган Фресно шаҳрида яшовчи, исми сир тутилаётган эркак 1503 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, деб хабар берди “Тjournal.ru” нашри.   

Суднинг бундай қарорга келишига эркакнинг тўрт йил мобайнида ўз қизига жинсий зўравонлик қилгани сабаб бўлган. Судда прокурор Николь Гальстен (Nicole Galstan)нинг маълумот беришича, қиз илк маротаба оиланинг дўсти томонидан зўравонлик қурбонига айланган. Отаси қизини ҳимоя қилиш ўрнига, уни тўрт йил давомида ўзининг “шахсий мулки”га айлантирган. 1993 йилда туғилган қиз ортиқ бундай хўрликка чидолмай, уйдан қочиб кетган. 

Судда сентябрь ойида айбланувчига вояга етмаган шахсни зўрлаганлиги учун 186 эпизод бўйича айб қўйилган. Ҳукм чиқарган судья Эдвард Саркисян (Edward Sarkisian Jr.)нинг таъкидлашича, эркак қизига бирор марта раҳм-шафқат қилмаган, балки барча воқеада уни айблаган.

Тергов жараёнида эркакдан ўз айбига иқрор бўлиб, тергов билан ҳамкорлик қилиш таклиф этилган. Агар эркак бу шартга рози бўлганда 13 йилга ёки узоғи билан 22 йилга қамалган бўларди. Бироқ жиноятчи таклифни рад этиб, қамоқда ўтказган вақтини ҳисобга олиб, озодликка чиқаришларини талаб қилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!