Хотин-қизларнинг сайловлардаги иштирокига бағишланган республика семинари ўтказилди

16:21, 24 октябрь

Жорий йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Марказий сайлов комиссияси билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг сайловлардаги иштирокига бағишланган республика семинари ўтказилди.

Видеконференцалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда Хотин-қизлар қўмитаси ва унинг жойлардаги ҳудудий тузилмалари, Марказий сайлов комиссияси, Давлат бошқаруви академияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, «Олима аёл» уюшмаси, «Оила» илмий-амалий маркази, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди масъул ходимлари, вазирлик, идора ва олий ўқув юртларидаги бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари раислари, фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Баситханова ва бошқалар юртимизда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳасини тубдан янгилаш ҳамда модернизация қилиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш, сайлаш ва сайланиш бўйича конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаб келаётган, демократик стандартларга мос бўлган сайлов тизими яратилганлигини қайд этишди.

Тадбирда бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, 80 дан ортиқ қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Хусусан, Конституциямизда барча фуқароларнинг бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавкеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгиланган. Бундан ташқари, Асосий Қонунимизнинг 46-моддаси аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқли эканлиги тўғрисидаги нормани ўзида мужассам этган.

Тадбирда Марказий сайлов комиссияси томонидан 2016 йил 7 октябрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури ижросини таъминлаш мақсадида жойларда фуқароларга истиқлол йилларида яратилган миллий сайлов тизими, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонун, унга сўнгги йилларда киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳамда сайловчиларнинг қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларини кенг тушунтириш ишлари олиб борилаётганлиги алоҳида қайд этилди.

Таъкидланганидек, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқи демократик ҳуқуқий давлат ҳамда кучли фуқаролик жамиятининг муҳим тамойилларидан бири ҳисобланади. Сайлов жараёнлари бевосита фуқароларнинг ижтимоий фаолликларини ошишига ҳамда уларнинг ҳуқуқий онги ва сиёсий маданиятининг янада юксалишига хизмат қилади.

Жамиятни янгилаш ва демократлаштириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар ривожи фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишга ҳам узвий боғлиқ. Шу боис сайлов жараёнининг барча босқичларидан сайловчиларнинг хабардор бўлиши, уларнинг ҳуқуқий маданиятини, шу жумладан хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш муҳим ҳисобланади. Бу эса уларнинг сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларига тўлақонли риоя этишлари ва сайлов куни ўз хоҳиш-иродаларини эркин ифода этишларини таъминлайди.

Бугунги кунда юқорида зикр этилган Дастур доирасида ишлаб чиқилган «Хотин-қизларнинг сайловлардаги иштироки» мавзусида тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасига биноан хотин-қизларнинг ҳуқуқий ва сайлов маданиятини юксалтиришга қаратилган ташвиқот ишлари изчил амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, марказий ва маҳаллий телерадиоканалларда миллий қонунчилигимизда белгиланган хотин-қизларнинг сайлов ҳуқуқлари, уларнинг сайловдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар ҳамда мақолалар тайёрланмоқда.

Семинарда Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга ошириладиган тадбирларда хотин-қизлар қўмиталари, уларнинг бошланғич ташкилотлари ва фуқаролар йиғинларидаги хотин-қизлар билан ишлаш комиссияларининг ўрни, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг аҳамияти, округ ва участка сайлов комиссияларининг асосий вазифалари, улар ишида хотин-қизларнинг иштироки, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг роли кабилар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Тадбирда «Хотин-қизларнинг сайловлардаги иштироки» мавзусидаги давра суҳбатлари ва учрашувларни олий ўқув юртлари, жойлардаги корхона, ташкилот ва муассасалардаги меҳнат жамоалари, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларидаги бошланғич хотин-қизлар ташкилотлари, маҳаллалардаги хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари раислари ва аъзолари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ҳамда уй бекалари ўртасида ўтказиш атрофлича муҳокама қилинди.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга ошириладиган тадбирларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш бўйича тарғибот ишларининг изчил олиб борилиши, уларнинг ўз овози давлатимиз ва жамиятимизнинг келгуси тараққиёти учун ғоят муҳим аҳамиятга эга эканликларини англаб етишларига хизмат қилиши эътироф этилди.

Семинар қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!