Яқинлик ярашишга ёрдам берадими?!

16:30, 24 октябрь

«Эр-хотиннинг уриши дока-рўмолнинг қуриши», дейишади халқимизда. Ҳақиқатан ҳам бир уйда яшаётган, бир рўзғор учун жавобгар икки инсоннинг жанжаллашиб туриши табиий. Аммо ярашишчи? Аксарият эркаклар низони яқинлик орқали ҳал этишга уринишаркан... Улар қанчалик ҳақ ёки ноҳақликларини эса шифокор-сексопатолог Рамазон НАЗАРОВнинг тавсиялари орқали аниқлаймиз.

 

«Сен бир тараф, мен бир тараф...»

– Аёлим билан уришиб қолган пайтимизда ҳафталаб аразлайди. Яқинлик ҳақидаку, сўз бўлиши мумкин эмас. Мен эса ҳаммасини босди-босди бўлиши учун у билан яқин бўлишни истайман. Бунинг нимаси ёмон? Қандай қилсам, хотиним буни тушунади?

С. Ф, Тошкент шаҳри

 

ЁТОҚХОНА – ЖАНЖАЛДАН ҲОЛИ ҲУДУД!

Аксарият ҳолларда жанжалдан кейин яқинликни эркак истайди. Бу йўл билан нақ учта муаммони ҳал қилмоқчи бўлади: 1. Унга бефарқ эмаслигини кўрсатиш. 2. Қаттиқ алам қилган бўлса, тажовуз орқали аёлини ўзига бўйсиндириш. 3. Жанжални изсиз тугатиш.

Бу одатда кўпинча аёлини руҳан тушунмайдиган эркакларда рўй беради. Бироқ эркакларни айбламанг. Чунки низоли ҳолатдан кейин эр-хотин қонида адреналин даражаси юқори бўлади, шунинг учун аёл эркак кўз ўнгида янада жозибали кўринади. Яқинлик одатдагидан фарқ қилиши ҳам рост. Сабаби, жанжалдан кейин эр-хотин бир-биридан узоқлашади ва бу пайтдаги муносабатлар соғинч хисларига тўлиб-тошади. Лекин аёл-чи? Ахир у ўзини таҳқирлангандек сезиши мумкин.

 

«У МЕНИ ТУШУНМАЙДИ...»

— Турмуш ўртоғим жанжалдан кейин ўзимга келишимни кутиб ўтирмайди. Яқинликка мажбур қилади. Рад этсам, мени ташлаб кетиши, тўшакни алоҳида қилиб олиши билан қўрқитади. Мажбуран айтганини қиламан. Аммо бу мен учун қийноқдан бошқа нарса эмас. Қандай йўл тутай...

М.У, Фарғона вилояти

 

МУТАХАССИС НИМА ДЕЙДИ?

Сўз аввалида эркакка тавсиямиз: руҳшунослар бундай пайтда жуфтликнинг ҳеч бўлмаса 2 соатга алоҳида хонага чиқишини маслаҳат беришади. Яқинликка келадиган бўлсак, буни фақатгина тинчиб олгандан ва албатта, суҳбатлашиб озми-кўпми муросага келгач, амалга ошириш керак. Акс ҳолда аёл кучли невроз ҳолатига тушиб қолиши ва қайта-қайта эрига норозилигини билдириши, натижада яна битта жанжал юзага келиши мумкин.

Аёлга ҳам айтар сўзимиз бор: эрингизни йўқотмоқчи эмасмисиз? Айтишиб қолганингиздан сўнг ярим соатга ташқарига чиқишини сўранг. Ўзингиз эса душ қабул қилиб, тинчланинг. Жуфтингиз ҳовуридан тушгач, «сизни тушунолмаганимдан юрагим ғаш. Нима қиламиз?» денг. Сизни қийнаётган гапларни айтиб олинг, аммо уни айбламасдан, секинлик билан сўзланг. Эрингиз ҳаммасини ҳал қиламан, дедими, ишонинг! Айни дамда бу энг маъқул йўл. Ишонқирамаслик, муаммони эртага қолдириши эмас, қатъий ишонч билан унга юзланинг. Нозиклик билан унга эркаланинг, қисқа суҳбат орқали бугунги низони унутишга ҳаракат қилинг. Ётоғингиз сеҳрли тафтини нохуш жанжаллар билан совутманг.

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади.   

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!