Озарбайжонда Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнлари юзасидан матбуот брифинги ўтказилди

17:17, 24 октябрь

Мамлакатимизда жорий йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар қизғин паллага кириб бормоқда. Ушбу муҳим сиёсий тадбир янгича ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий шароитда, партиялараро рақобат, аҳолининг сиёсий ҳамда фуқаровий фаоллиги янада кучайган паллада ўтказилаётгани билан ҳам эътиборлидир.

Тўртта сиёсий партия қурултойини ўтказиб, унда  Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўз номзодларини олдинга сурди ва сайловдан 35 кун олдин бошланадиган сайловолди ташвиқотида фаол иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ Марказий сайлов комиссияси сайлов кампаниясининг барча босқичларини қонунда ўрнатилган муддат ҳамда тартибда ўтказилишини таъминлайди.

Сайлов комиссиялари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралиги, уларнинг йиғилишларида ОАВ, сиёсий партиялар вакиллари ва халқаро кузатувчилар иштироки таъминланмоқда. Марказий сайлов комиссияси томонидан бўлажак сайлов юзасидан аҳолининг хабардорлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли тадбирлар, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ҳамда электорал фаоллигини янада ошириш бўйича дастур амалга татбиқ этилмоқда.

Бу борадаги ишлар мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналарида ташкил этилган 44 сайлов участкасида ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, ҳамкор давлатлар билан биргаликда турли брифинглар, “давра столлари”, семинарлар, матбуот анжуманлари ва бошқа тадбирлар ўтказилмоқда.

Мазкур тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – халқаро жамоатчиликни сайлов кампанияси жараёнлари ҳақида хабардор этиш, сайловнинг барча босқичлари очиқлигини таъминлашга қаратилган бўлиб, шу билан бирга турли сабаблар билан хорижий мамлакатларда бўлиб турган мамлакатимиз фуқароларини бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги хабардорлигини ошириш, сайлов ҳуқуқидан фойдаланишига хизмат қилади.

Сайлов кампанияси очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари муҳим роль ўйнайди, уларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказишга тааллуқли маълумотларни етказиб бериш хорижда сайловни холис ҳамда ҳар томонлама чуқур ёритилишини таъминлайди.

Шу мақсадда Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги элчихонаси мамлакатдаги етакчи ахборот-таҳлил нашрларини брифингга таклиф этди. Улар орасида “АЗЕРТАДЖ” давлат ахборот агентлиги, Азери-Пресс (АПА) агентлиги, “Тrend” халқаро ахборот агентлиги, “Сia-az”, “Interfax.az”, “Oxu.az”, “Report.az”, “Etnoglobus.az”, “Turkishnews.az” ахборот-таҳлил агентликлари, шунингдек, СВС телеканаллари бор.

Брифингда журналистларга норматив-ҳуқуқий база, бўлажак Президент сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказиш жараёнлари хусусида батафсил маълумот берилди.

Тадбирда иштирокчиларнинг диққат-эътибори “Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга қаратилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунида қуйидаги тузатишларга алоҳида эътибор қаратилди:

– сиёсий партияларнинг сайловда иштирок эта олишини енгиллаштирадиган, президентликка номзод кўрсатиш учун зарур бўладиган имзолар сони (5% дан 1% гача) қисқартирилганлиги;

– сайловолди ташвиқоти тушунчаси, уни ўтказиш шакллари, турлари ва усуллари тўғрисидаги норманинг мустаҳкамлаб қўйилганлиги;

– қамоқда сақлаш жойларида сайлов участкалари тузилиши, овоз бериш тартиб-таомили соддалаштирилганлиги;

– вақтинча яшаш жойида сайловчилар рўйхатига киритилиш имконияти;

– муддатидан олдин овоз бериш муддатлари, тартиби ва жараёни белгиланганлиги, овоз бериш бошланишига бир кун қолганида “сукунат куни” ўрнатилиши назарда тутилган тузатишлар алоҳида қайд этиб ўтилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистонда соҳада қабул қилинган барча қонун ҳужжатлари фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини адолатлилик, очиқлик, транспарентлик тамойиллари асосида амалга оширилиши, сайловчиларнинг сайловда эркин иштироки учун зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган.

Брифингда журналистларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритувчи Республика матбуот маркази пресс-релизлари тарқатилди.

Озарбайжонлик журналистлар “Жаҳон” ахборот агентлигига ўз таассуротлари юзасидан интервью берди.

Хусусан, Арзу Ражабова (“АЗЕРТАДЖ” давлат ахборот агентлиги) брифинг сайлов кампаниясининг барча босқичлари, унда иштирок этаётган номзодлар, шунингдек, ОАВ ҳамда халқаро кузатувчилар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида тўлиқ маълумот олиш имконини берганини таъкидлади.

“Trend” ахборот агентлиги ходими Елена Косолапова тақдим этилган маълумотлар Озарбайжон халқини Ўзбекистондаги бўлажак муҳим сиёсий воқелик юзасидан таништиришга хизмат қилишини маълум қилди.

Шамил Алибековнинг (“Report.az”) фикрича, брифингдан олинган маълумотлар Ўзбекистонда давлатнинг демократик ва барқарор тараққиётида муҳим ўринга аҳамиятга эга бўлган сайлов жараёнига ўз вақтида ва жиддий ёндашилганидан далолат беради.

Фардин Исазаде (“Интерфакс-Озарбайжон” ахборот агентлиги) Президент сайловини кузатиш бўйича халқаро ташкилотлар ҳамда турли давлатларга таклифномалар юборилгани Ўзбекистондаги бўлажак сиёсий тадбирнинг тўлиқ шаффофлик руҳида ўтишини таъминлашига ишонч билдирди.

Элчихона томонидан ўтказилган тадбир маҳаллий матбуотда кенг ёритилди. Жумладан, “Trend”, “Day.az”, “APA”, “ReportAz”, “GunAz”, «Новости-Азербайджан» ва бошқа нашрларда Ўзбекистондаги сайловларга бағишланган мақолалар чоп этилди.

Эслатиб ўтамиз, Марказий сайлов комиссияси маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 500 дан зиёд вакилини аккредитациядан ўтказди. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ Ижроия қўмитаси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси каби нуфузли ташкилотлар ва ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига сайловларни кузатиш бўйича таклифномалар юборилиб, улар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатишда иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдилар. 

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистон Республикаси халқаро стандартларга мувофиқ бўлажак сайловни транспарент ўтказишга тайёрлигини эътиборга олиб, Президент сайловини кузатиш бўйича тўлақонли миссиясини юборишга қарор қилганини маълум қилди.

Ҳасан Илҳомов,
мустақил эксперт

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!