Покистонда полиция академиясига қилинган ҳужум оқибатида 50 киши ҳалок бўлди

09:45, 25 октябрь

Покистоннинг Кветте шаҳрида жойлашган полиция академиясига бир гуруҳ қуролланган жангарилар ҳужум қилиши оқибатида 50 га яқин одам ҳалок бўлди, деб хабар берди “Vesti.ru” нашри.

Маълумотларга кўра, 25 октябрга ўтар кечаси бир гуруҳ автомат ва гранаталар билан қуролланган жангарилар полициячилар машғулот ўтказадиган марказга ҳужум уюштирган. Бу ерда полициячилар билан бирга 600 нафар кадет ҳам бўлган. Жангарилар 200 га яқин одамни гаровга олган. Махсус бўлинма жангчилари 250 нафар кадетни жангарилар қўлидан қутқарган.  

Гувоҳларнинг айтишича, воқеа жойидан портлаш, ўқ овозлари эшитилган. Покистон армияси вакилининг маълумот беришича, ҳужумни уч нафар худкуш-террорчи уюштирган, уларнинг белида портловчи модда бўлган. Жангарилардан икки нафари ўлим камарини ишга солишга улгурган, оқибатда жуда кўп одам қурбон бўлган, учинчи террорчи эса Покистон ҳарбийлари томонидан отиб ўлдирилган. Жангарилар қамал қилинганда, Афғонистондаги йўриқчилари билан алоқага чиққан. ОАВларнинг хабар беришича, ҳозирда жангариларни йўқ қилиш бўйича ўтказилган тадбир муваффақиятли якунланган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!