Маданият ва спорт ишлари вазири вазифасига лоқайдлик билан ёндашган 30 нафар раҳбарга жазо белгилади

14:45, 25 октябрь

22 октябрь куни Ўзбекистон давлат консерваториясида Маданият ва спорт ишлари вазирлиги фаолиятининг 2016 йил 9 ойлик якунларига бағишланган кенгайтирилган Ҳайъат мажлиси ўтказилди.

Ҳайъат йиғилишда ҳайъат аъзолари, вазир ўринбосарлари, вазирлик марказий аппарати бошқармалари бошлиқлари, вазирлик тизимидаги республика ташкилотлари раҳбарлари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ва уларнинг спорт бўйича масъул ўринбосарлари, тизимдаги театрлар, музейлар, спорт мактаблари, таълим муассасалари, ИБЎСМ раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари, жами 454 нафар иштирокчи қатнашди.

Вазирлик томонидан ўтган 9 ой мобайнида соҳани ривожлантиришга қаратилган 30га яқин лойиҳалар, таклифлар ишлаб чиқилди. Хусусан, маданият йўналишининг ўзида 3та қонунга ўзгартириш киритиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқиляпти. 

20га яқин Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат қарор ва фармойишлари тайёрланиб, вазирлик ва идоралар билан келишиляпти. 4та Ҳукумат қарор лойиҳаси вазирлик ва идоралар билан келишилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

Ушбу ишларимизни юқори савияда, муносиб тарзда амалга ошириш, якунига етказиш, биринчи навбатда кадрлардан, хусусан, раҳбар кадрлардан катта фидойиликни, тажриба ва "соҳа учун юраги ачишини” талаб этади.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда, "Эскича бошқариш қолиплари ва усулларидан қутула олмаётган раҳбарлардан қатъий воз кечадиган вақт келгани”ни йил бошидан буён барчага уқтиришга ҳаракат қилдик ва яна такрорлашга эҳтиёж туғилмоқда”.

Баҳодир Аҳмедов айниқса,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги "2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 178-сон ҳамда 2010 йил 29 декабрдаги "2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 322-сон қарорлари ижроси ҳолатига кескин танқидий –таҳлилий руҳда тўхталди. Шунингдек, Республика музейлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш,  аҳолини мазмунли дам олишини ташкил этиш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий ва эстетик тарбиялашдаги ролини ошириш борасида амалга ошираётган чораларнинг натижадорлигига алоҳида урғу берди.

"Вазирлар Маҳкамасининг 178 –қарорида белгиланганидек, 2018 йил якунигача 894та замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказлари ташкил этилиши лозим. Бугунги кунга қадар эса Республика бўйича 189 та Марказлар тўлиқ таъмирланди ва фойдаланишга топширилди. Ушбу ишларга 106,0 млрд.дан зиёд маҳаллий бюджет маблағи сарфланди. 2013-2015 йилларда таъмирлаш ва жиҳозлаш белгиланган 247 та маданият ва аҳоли дам олиш марказларидан 58 таси (24%) фойдаланишга топширилмаган. Кўриб турганингиздек, вазифалар тўлиқ  бажарилмаган. 

2011-2015 йиллар давомида Республикада 225та боғни тўлиқ фойдаланишга топшириш белгиланган ҳолда муддат ўтиб кетган бўлишига қарамай эндигина 132таси тўлиқ таъмирдан чиқди, замонавий аттракционлар билан таъминланди. Ушбу ишларга 200 млрд. сўмдан зиёд бюджет, ҳомий ва тадбиркорлар маблағлари сарфланди. 

Афсуски, аксарият ҳудудларда олиб борилаётган ишлар қониқарсиз, талабга жавоб бермайди”. 

Мажлис сўнгида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Ўз вазифасига нисбатан лоқайдсизларча ёндошган 30 нафардан ортиқ раҳбар кадрларга нисбатан интизомий жазолар белгиланди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!