«Эримни ҳеч кимга бериб қўймайман!»

16:47, 25 октябрь

Садоқатли умр йўлдошингизни вафодорлигига шубҳа билан қарай бошладингизми?! Тўхтанг, бироз тин олинг! Ақл, аёлларга хос донолик, жозиба ва қадр-қимматингизни ёрдамга чақиринг! Ва улар билан бирга жангга шайланинг! Ана, энди ОЛҒА-А-ААААА!!!

 

Бу муаммодан ҳеч ким суғурталанмаган!

Биз ҳаммамиз Ер сайёрасида, бир осмон остида яшаймиз. Демакки, барчамизнинг муаммоларимиз ҳам деярли бир хил. Фақатгина ҳар биримиз уларга турлича ёндашамиз. Масалан, стаканга озгина сув солиб, атрофингиздаги инсонларга кўрсатсангиз, айримлар уни ярми бўшаган деб таъриф берса, бошқалари эса стакандаги сув ярмига тўла эканлигини исботлашга тушишади. Мен ўзимни ана шу иккинчи тоифадаги инсонлар сафига киратардим. Ҳаётимда неки юз бермасин, ҳаммасини яхшиликка йўйишга интилардим. Ғам-ташвиш нелигини билмай яшардим. Оилавий ҳаётимдан роҳатланиб, боламнинг тарбияси билан банд эдим. Кутилмаганда... бир куни... ҳаммаси остун-устун бўлиб кетди...

 

Гумонга дўст тутинманг!

Қалбимнинг туб-тубидаги ички овозим мен билан суҳбатга киришди, аниқроғи бор овозда бақиришни бошлади:

— Эрингга эътибор бериб қарасанг-чи! Ахир, унга нимадир бўлган!?

Бироқ севимли турмуш ўртоғимга бор кучимни тўплаб, синчиклаб қарасам-да, очиғи, пичоққа илинарли бирор-бир нарса тополмасдим. Тўғри, мен томонга камроқ қарайдиган бўлган, кун давомида фақатгина мажбурият юзасидан қўнғироқ қилади, «SMS» ёзишни эса бутунлай унутиб юборганини тан олмай иложим йўқ. Лекин буларнинг барчасига қарши яхшигина асосим бор, биз тўртинчи йил бирга яшаяпмиз ахир! Хотинидан кўнгли тўқ бўлади-да!

Бироқ бу қурмағур ички овозни ҳеч тўхтатиб бўлмас экан-да, бақиришига аҳамият бермаганимни кўриб, энди секингина пичир-пичир қилишни бошлади:

— Йў-ў-ў-қ, барибир бу ерда бир гап бор. Кийимлари, машинасини яхшилаб ҳидлаб кўрдингми, бегона атирнинг иси йўқми?

— Ҳеч қандай ҳид йўқ.

— Кўйлагининг ёқаси-чи, у ерда «помада»нинг изи бордиров...

— Топ-тоза, ҳеч қандай доғ йўқ. Ундан кейин эримга лаб бўёғи суркалган лаблар ёқмаслигини ўзинг ҳам яхши биласан!

— ҲА! Қара, оппоқ свитерининг устида қоп-қора узун соч осилиб тургандир?! Адашмасам, икки ҳафта илгари сочингни «карамель»га бўяб, каре қилиб кестиргандинг-а-а-а?! Бу сенинг соч толанг эмаслиги аниқ!

— Ҳа... кўрдим... Менимча, бироз ошириб юбораяпсан!

 

Очиқчасига гаплашиб оламиз!

Ишлар мен ўйлаганимдан ҳам жиддийлашиб боргани сари, ўзимни қўйишга жой топа олмасдим. Оиладаги ҳар қандай муаммони турмуш ўртоғим иккимиз тинч йўл билан ҳал қилишга ўрганганимиз учун у билан очиқчасига, яккама-якка гаплашиб олишга аҳд қилдим. Бу суҳбатимизга фарзандим, қайнонам ва овсин-ажинларим гувоҳ бўлишини асло истамасдим. Шунинг учун иккимиз ҳам ишга кетаётганимизда машинада гаплашишга қарор қилдим. Имкон қадар овозимни баландмасликка ҳаракат қилардим. Ич-ичимдан ёнаётган бўлсам-да, буни ташқарига чиқармасликка ҳаракат қилардим. Худдики, гаплашаётган мавзуимиз мени заррача ҳам ташвишга солмайдигандек (Қанийди, аслида ҳам шундай бўлса...).

Аввалига эрим оилавий хотиржамликни қадрловчи оила бошлиғи сифатида айтиб ўтган шубҳаларимни бирма-бир инкор эта бошлади. Бироқ суҳбатнинг сўнгида айтган гаплари қилган ишини тан олиш билан бирга оиласини қадрлашини ҳам кўрсатди. Машинасида ҳар эҳтимолга қарши болаларга керак бўлиб қолар дея, пластик стаканларни олиб юрадиган эрим улардан бирини қўлига олиб:

— Кўраяпсанми, бу оддийгина елим буюм — дея гап бошлади, — уни осонгина ғижимлашим ёки иккиланмай ахлатга ташлаб юборишим мумкин. Чунки ҳар қадамда бундай стаканни сотиб олишга имконим бор.

Мен унинг гапларининг маъносини англолмай, асабийлашишни бошлагандим. Стаканнинг бу муаммога нима алоқаси бор экан?!

— Ана у ерда бўлса, — йўлнинг четидаги богем чиннилари сотиладиган дўконни кўрсатиб, — асл чинни буюм бор. У ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Мен ана шундай чинни идишни ҳеч нарсага алишмайман, асраб-авайлайман. Чунки у мен учун қадрли бўлади! — дея сўзини якунлади жуфти ҳалолим.

Қувончимни ичимга сиғдира олмасдим. Одатда, эркаклар умрининг сўнгига бориб, аёлининг қадрига етади дейишарди. Буни қарангки, турмуш ўртоғим рафиқасининг қадр-қимматини ёш бўлса-да, яхши биларкан! Жаҳл ва аламнинг ҳовури пасайди, бу гаплардан сўнг унга бўлган меҳрим янада ошди.

 

Агар бу бир маротабалик бўлмаса-чи...

Инсон ҳар доим энг мушкул вазиятга ҳам тайёр туриши лозим. Эримнинг бу гаплари менга икки ойгина таскин бўлиб берди, ундан сўнг ўша менга елим стакан дея таништирилган маъшуқа фарзандимнинг отасига «елим»дек ёпишиб олганини тушундим. Кўз билан кўрмаган ва қўл билан ушламаган рақибамга қарши олиб борган кўр-кўрона жанг деярли ярим йилдан кўпроққа чўзилди. Бу узоқ давом этган уруш натижасида менинг ўзим анчагина йўқотишларни бошимдан кечирганим ҳам рост. Очиғи, улар ҳақида ҳозир гапиришни истамасдим. Яхшиси, натижани айтиб қўя қоламан. Эримга зулукдек ёпишган аёл энди бошқа бировнинг шўрини қуритаётганини биламан, эримдан нари бўлганига ҳам, беҳад шукурлар бўлсинки,  икки ойдан ошди. Одамларга ҳам ҳайронсан, янги оилалар барпо бўладиган масканда, бахтли оилаларнинг қувончига раҳна соладиган аёллар ишлар экан.

Турмуш ўртоғингиз неча-неча қизлар орасидан эл-юртга тўй бериб, Аллоҳнинг каломини тилга олиб сизни рафиқаликка, фарзандаларига оналикка танлабдими, сиз у учун доим ягонасиз! Ишонинг, ҳаммаси яхши бўлади!

Эрининг ЯГОНАСИ

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!