Николь Кидман: «Йўқ» дейишдан аввал 20 сония тин олинг»

10:04, 26 октябрь

Николь Кидман кино оламида орзу қилиш мумкин бўлган барча нарсага эришди. Актрисанинг бошқа «юлдуз»лардан фарқи шундаки, у нафақат миллионлаб томошабинлар меҳрини қозониши аниқ бўлган лойиҳаларда, балки унчалик таниқли бўлмаган режиссёрларнинг камҳарж картиналарида ҳам иштирок этаверади. Кидманинг айтишича, унга буюк режиссёр Стэнли Кубрикнинг гаплари дарс бўлган экан: «Ҳеч қачон янги ғояларни, ноодатий вазиятларни рад этманг».

 

Болалик

Николь Кидман Гавайи штатининг пойтахти Гонолулуда 1967 йилнинг 20 июнь куни туғилган.  Никольнинг ота-онаси бутун умрларини Австралияда ўтказишган. Отаси Энтони Дэвид Кидман биохимик бўлиб, АҚШдаги кўплаб илмий марказларда фаолият юритарди. Николь уч ёшга кирганида улар Вашингтондан яна Австралияга кўчиб кетишди. Ва у ерда Никольнинг синглиси – ҳозирда журналист сифатида фаолият юритаётган  Антония дунёга келади. 

Николь ёшлигидан ижодий салоҳияти баланд эканини намоён қила бошлаганди, уч ёшидан балет билан шуғулланар, мусиқа сабоқлари олар, 10 ёшидан эса драма тўгарагига бориб, ёшлар театрларида  қатнаша бошлади. 14 ёшида Николь илк бора телефильмда кичикроқ роль ўйнади, сўнгра сериалларга таклиф эта бошлашди.  Мактаб даврини эсларкан, актриса жуда тортинчоқ бўлганини тан олади. Ҳатто, гапирганида бироз дудуқланарди ҳам.  

 

Муҳим қарор

1984 йили шифокорлар Никольннинг онасида кўкрак саратонини топишди, отаси эса барча ишларини йиғиштириб, бу дардга дармон бўладиган дори кашф этиш илинжида тунларни кунларга улай бошлади. Шунда 16 ёшли Николь мактабни, актёрлик студиясини, ТВдаги таклифларни ташлаб, оиласига моддий ёрдам бериш учун массажчи бўлиб ишга кирди. Ахир рўзғорни кимдир тебратиши керак эди-да. Актриса бу ишини ҳаётидаги энг тўғри қарорлардан бири деб ҳисоблайди: «Мен бировларга кераклигимни англагандим, бу эса жуда муҳим.» Афсуски отаси саратонга даво тополмади, аммо онаси касалликни енгишга муваффақ бўлди.

 

Илк қадамлар

Онаси тузалиши ҳамон Николь санъат тарихини ўрганишга киришди, Сиднейдаги машхур театрларнинг бирида актёрлик маҳоратидан сабоқ олди. Реклама, клиплар ва австралия телешоуларида қатнашиб юрган қизга «Вьетнам» ва «Бангкок Хилтон» сериали илк машхурликни олиб келди. «Денгиздаги сукунат» фильми эса дунёга танитди. 1990 йили Николь  биринчи марта Голливуд фильми – «Чақмоқли кунлар»да суратга тушди. Кино ишлаб чиқарувчиларига мўмайгина даромад олиб келган бу фильм актрисанинг тақдирини белгилади – карьераси олға силжиди, ўзи эса ёш, умидли актёр Том Крузга турмушга чиқди ва АҚШга кўчиб келди.

 

Мукофотлар ва йўқотиш

У ўз даврининг энг зўр актрисаларидан бирига айланди, «Оскар» ҳам олди, Канн мукофотидан ҳам бебаҳра қолмади. Мода дунёсининг энг олди брендларининг юзи бўлди, ҳатто уни дунёдаги энг чиройли бурун эгаси деб топишган. У матбуот саҳифаларидан тушмайди, қизил гиламлар ҳам унинг пойига мунтазир. Бироқ...

Николь Кидман биринчи турмуш ўртоғи Том Курз билан 10 йил яшади. Бу чиройли жуфтлик узоқ вақт фарзандли бўла олишолмагач чиройли ишга қўл уришди – бир қиз бир ўғилни фарзанд қилиб асраб олишди. Уларнинг мунсабатлари бузилганида эса роса шов-шув кўтарилди: диний келишмовчилик, ҳомиласининг тушиб қолиши, никоҳ шартномасининг шартлари. Бироқ актрисанинг ўзи собиқ эри ҳақида бир оғиз ёмон гап гапирмади, биргаликда ўтказган турмушини илиқ сўзлар билан тилга олишни канда қилмасди.

 

«Том кетди...»

«Биз ажрашдик. Том кетди. У мени ташлаб кетди ва тамом. Мен чуқур тушкунликка тушиб қолдим. Бутун дунёда ёлғиз қолгандек эдим. Аммо бу ҳолатимни фарзандларимиз Белла ва Конорга кўрсатмаслигим керак эди. Айнан шу пайт мени янада машхур қилган «Мулен Руж» фильми оламшумул муваффақият қозонди, «Оскар» га сазовор бўлдим, аммо шахсий ҳаётим жарга қулаганди... Ҳаммаси бир пайда содир бўлганичи.. Анча вақт ўтиб, мен ўшанда улғайганимни тушундим. Гап шундаки, 23 ёшимда турмушга чиққандим. Австралиядаги тинч, осуда ҳаётимнинг ўрнини Американинг шовқини эгаллаганди. Ҳамма нарса қайнаб кетгандек эди. Эҳтиросли муҳаббат билан эрга тегдим. Яна суперюлдузга. Ўзим ҳам қандайдир қилиб, юлдузга айландим. Ўзинг ҳам, эринг ҳам машхур бўлса... Сиз гўё мана шу машхурликнинг кўринмас қобиғи ичига тушиб қолгандек бўларкансиз. Ҳис-туйғуларингни эса фақат шу қобиқ ичидаги жуфтинг тушунаркан. Фақат у.  Бу ажойиб туйғу, аслида – турмуш ўртоғинг билан бир бутунга айлангандек бўларкансан. Аммо у кетди ва мен ана шу қобиқ ичида буткул ёлғиз қолдим. Усиз ҳаётни билмасдим. Усиз яшашни тасаввур қилмасдим. 35 ёшда бўлсам ҳам ҳали 23 ёш эдим гўё. Қисқа муддат ичида улғайишимга тўғри келди. О, бунинг оғриқлари. Шунинг учун ҳам ёшлигим ортда қолганидан хурсанддирман...»

 

Бахтнинг маъноси

2006 йили Николь Кидман австралиялик машхур қўшиқчига турмушга чиқади. Уларнинг тўйи она шаҳри Сиднейда бўлади. 2008 йили эса узоқ кутилган фарзанди – Сандэй Роуз Кидман-Урбанни дунёга келтиради. Яна икки йилдан сўнг эса суррогат она туғиб берган қизалоқ Фэйт Маргаретни бағрига босди.

«Ҳаётим давомида фарзанд асраб олдим, ўзим бола туғдим, суррогат оналик нималигини билдим. Ва буни ҳеч кимдан яширмадим, негаки танишларим мана шу усуллардан бирортасини қўллаб кўриш ҳақида бош қотираётганларининг гувоҳи бўлганман. Аёлларга ҳаммаси яхши бўлади, деган гапни эшитиш муҳим эканини биламан».

Ҳозирда Николь турмуш ўртоғи ва болалари билан Голливуд ва Нью-Йоркнинг шовқинидан йироққа АҚШнинг Теннесси шаҳридаги Нэшвилл  шаҳрида осуда ҳаёт кечирмоқда. «Айнан шу ерда мен бахт нималигини англадим, – дейди актриса. – Авваллари «омад», «муваффақият», «карьера» деган сўзларнинг маъносини тушунардим. Энди эса бахтнинг маъносини ҳам биламан. Бахт бу – муҳим бўлмай қолган нарсалардан воз кечиб, ҳақиқатан муҳим нарсалар учун яшашдир».

Назокат АБДУҚУНДУЗОВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!