Уйда шаурма тайёрлаймиз!

10:44, 26 октябрь

Ҳозирги кунга келиб ҳар қадамда шаурма, гамбургер, xот-дог каби мазали, аммо зарарли таомларни тайёрлаб сотилаётганининг гувоҳи бўламиз. Нафақат болалар, балки катталар ҳам бундай тезпишар ва осон таомларни  хуш кўрадилар. Шундай экан, уни уй шароитида табиий ва тоза маҳсулотлардан, ёғсиз қилиб тайёрлашга нима етсин. Қуйида шаурма тайёрлаш рецепти билан бўлишдик. Уни болаларга тушликда тайёрлаб беришингиз мумкин.

Керакли маҳсулотлар:

150 гр. мол гўшти, 80 гр. карам, яримта сабзи, 80 гр. сметана, 2 ош қошиқ кетчуп, 1 чой қошиқ ўсимлик ёғи, битта лаваш, кўкпиёз, кўкатлар ва табга кўра туз.

Тайёрланиш:

1.    Карамни қаламча қилиб тўғранг, сабзини йирикроқ қирғичдан чиқариб олинг. Майдалаб тўғралган кўкпиёз ва кўкатларни солинг.

2.    Салатга ўсимлик ёғи ва таъбга кўра тузи солиб яxшилаб аралаштиринг.

3.    Гўштни майда қилиб тўғраб олинг, қанча майда бўлса, шунча яxши.

4.    Энди соус тайёрланг.

5.    Бунинг учун кетчуп ва сметанани аралаштириб олинг.

6.    Шаурмани тайёрлашни бошланг. Лавашни ёйиб, унга соусдан суртинг.

7.    Гўштни қовуришни истамасангиз, сувда ёки газ печида бутун ҳолда пишириб олинг. Истасангиз, озгина ўсимлик ёғида таб бериб, пишириб олинг. Тайёр гўштни соус устига жойлаштиринг.

8.    Гўшт устига карамли салатни солиб чиқинг.

9.    Карамли салат устига ҳам қолган соусдан яна озгина суртинг.

10.  Сўнг лавашни маҳкам қилиб ўранг.

11.  Тайёр бўлган лавашни миртўлқинли печга 10-15 дақиқага қўйиб олинг-да, дастурхонга тортинг. Энди болангиз кўчада шаурма олиб беринг, деб хархаша қилмайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!