Ҳомиладорликдаги депрессиядан қандай қутулиш мумкин?

11:41, 26 октябрь

— Ҳомиладорликнинг бешинчи ойидаман. Охирги пайтларда жуда йиғлоки бўлганман, бўлар-бўлмасга йиглайвераман, асабийлашавераман. Маслаҳат беринг, нима қилай?

Д.Тошкент шаҳри

Статистика бўйича ҳомиладор аёлларнинг қарийб 20 фоизи енгил ёки ўрта даражадаги депрессияга мойил бўлишади. Хўш, ҳомиладорликда депрессияга нима сабаб бўлади? Унинг бўлажак она ва туғилажак бола саломатлигига қандай таъсири бор? Депрессиядан қутутиш учун нима қилиш керак? 9 ойлик бахт оғушида юрган бўлажак оналар буларни билиб қўйсалар фойдадан холи бўлмайди. Чунки «рақиб»ни енгиш учун уни ўрганиш нечоғлик муҳимлиги бор гап. Саволларга эса олий тоифали шифокор-гинеколог Муборак ПИРИМҚУЛОВА жавоб беради.

Ҳомиладорлик давридаги депрессия — саломатликнинг шундай ҳолатики, унга беэътибор қараш ҳомиладорликнинг кўнгилдагидек кечиши ва ҳомиланинг нормал ривожланишига ҳам таъсир кўрсатади. Яъни ҳам она, ҳам туғилажак бола учун у ёки бу асоратларни келтириб чиқаради. Кўнгилга таскин берадиган жиҳати шундаки, ҳомиладорликдаги депрессияни даволаш ва «жиловлаш»нинг имкони бор.

Сабаблари

  • Муносабатлардаги муаммолар;
  • стрессли вазиятлар;
  • ҳақорат ёки жароҳат;
  • ортиқча эътибор;
  • кўнгилсизликларга олдиндан ўзини тайёрлаш;
  • жисмоний ўзгаришлардан қўрқиш;
  • болани тарбиялаш билан боғлиқ молиявий чиқимлар;
  • ёнида турмуш ўртоғининг бўлмаслиги;
  • ҳомиладорлик билан боғлиқ асоратлар;
  • режалаштирилмаган, кутилмаган ҳомиладорлик.

Хуллас, бўлажак оналарда депрессия юзага келиш сабаби ҳомиладорлик даврида мия таркибини ўзгартирадиган гормонал мувозанатнинг бузилиши билан изоҳланади. Лекин ҳомиладорларда депрессия юзага келишига нима сабаб бўлишидан қатъи назар, унга «таслим бўлиш» мумкин эмас!

Аломатлари

Депрессия ҳолати турли салбий ҳислар билан намоён бўлувчи руҳий-ҳиссий кечинмалар билан боғлиқ. Бу қуйидаги белгиларда намоён бўлади:

  • ланжлик;
  • ўзи ва туғилажак фарзанди учун мунтазам қўрқув ҳис қилиш;
  • инжиқлик;
  • толиқиш;
  • ғамгинлик;
  • хавотир;
  • уйқусизлик ёки одатдагидан кўра кўпроқ ухлаш истаги;
  • жиззакилик;
  • қизиқишнинг сўниши;
  • иштаҳа йўқолиши ёки ҳаддан ортиқ ейиш;
  • диққатни жамлай олмаслик;
  • ўзига бўлган баҳонинг тушиб кетиши;
  • умидсизлик;
  • айбдорлик ҳисси;
  • йиғлоқилик.

Узоқ вақт бундай ҳолатда бўлиш аёлнинг ўзи учун ҳам, ҳомиласига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ахир боланинг ривожланишида ҳиссиёт ва кечинмаларнинг ҳам муҳим ўрни бор. Улар ҳатто боланинг туғилгандан кейинги ривожида ҳам  аҳамиятли.

Қандай қутулиш мумкин?

1. Агар ҳомиладор аёл толиқаётган бўлса ҳам шундай ҳол кузатилади. Шундай пайтда баъзан ҳомиладор аёл иқлим алмаштириши унга ижобий таъсир кўрсатади. Бирор дам олиш масканига бориш, бирор ҳафта онасиникига ёки бошқа яқинларига меҳмонга юбориш ҳам фойда келтиради. Шунда унинг асаблари тинчланади.

2. Яқинларининг муносабатини ўзгартириши ҳам фойдали. Бўлажак онага қайнонаси, турмуш ўртоғи ва бошқа яқинлари ҳар доимгидан кўра ширинсўз, эътиборли, меҳрли бўлишлари лозим.

3. Магне ва йод етишмаганда ҳам ҳомиладор аёлда депрессия кузатилади. Шунинг учун шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда мунтазам Магне В6 ва йодид 200 қабул қилиш ўринли.

4. Ҳомиладор аёлда депрессия икки ҳафтадан кўп вақт давом этаверса, албатта даволовчи шифокорга мурожаат қилиш лозим. У тегишли текширувларни белгилайди. Агар текширувлар ҳеч қандай соматик патологияни тасдиқламаса, шифокор парҳез ёзиб бериши, муайян жисмоний машқлар белгилаши (масалан, сузиш ёки йога билан шуғулланиш), эътиборни туғуруққа тайёргарлик жараёнига қаратишни тавсия этади.

5. Агар юқорида кўрсатилган чоралар кутилган самарани бермаса, антидепрессантлар ёки психотерапия ёрдамида даволаш таклиф этилади. Антидепрессантлар ёзиб бериш — энг охирги чора.

6. Психотерапия аёлларга зарарли дорилар қабулисиз, ижобий маслаҳатлар бериш орқали ҳомиладорликда депрессияни юзага келтирадиган омилларни бартараф этади. Ўзини тутиш борасидаги бу терапия орқали аёл ҳаётидаги стресс даражасини пасайтиришга эътибор қаратилади.

7. Агар ҳомиладор аёлнинг турмуш ўртоғи ёнида бўлмаса, ўзига, ўз кучи ва муваффақиятига бўлган ишончни оширишга ҳаракат қилинади.

8. Шунингдек, парҳезли ўзгаришлар ва ҳузур бахш этадиган бирор янги юмуш билан машғул бўлиш ҳам депрессияни даволашда катта аҳамият касб этади.

Олдини олишнинг иложи борми?

Албатта бор! Ҳомиладорликни режалаштириш ва ҳомиладорликкача қўшимча парвариш, тайёргарликлар депрессия бошланиши «имконияти»ни камайтиришга қодир. Яъни аёл ҳомиладорликкача бўлган пайтда бу даврда депрессия ҳам бўлиши мумкинлиги, у бошланса, нима қилиш кераклигини билиб олса, ўзини турли ўзгаришларга тайёр ҳис этса, кўнгилсизликларнинг олди олинади. Оила аъзоларининг қўллаб-қувватлаши, мунтазам машқлар, медитациялар, озуқавий ва соғлом овқатланиш ёрдамида ҳомиладорлик давридаги депрессия хавфини камайтириш мумкин.

Бўлажак онанинг яқинларига тавсиялар:

буни билишингиз шарт!

Чунки агар ҳомиладор аёл асабийлашаверса, унда депрессия давом этаверса, бу туғилажак болага ҳам салбий таъсир кўрсатади. Аёл ҳомиладорлигида Депрессиядан азият чекса, бола асабий, жиззаки бўлиб туғилади. Шунинг учун бўлажак онанинг қайнонаси, турмуш ўртоғи ва барча яқинлари қуйидаги тавсияларга амал қилинг:

  • уни авайланг;
  • ҳатто ўзи ҳам тушунмаётган эркаликларига сабрли бўлинг;
  • имкон қадар эътиборли бўлиб, меҳр Беринг;
  • ширин сўзларингизни аяманг;
  • фарзандлари ҳомиладор аёлга фарзандлари инжиқлик қилавермаслигини таъминланг. 

Хуллас, муаммонинг ечими ҳомиладор аёл атрофидаги инсонларга, уларнинг муносабатига боғлиқ

Нилуфар тайёрлади

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!