Ўзбeкистон-Финландия сиёсий маслаҳатлашувларининг 7-раунди бўлиб ўтди

12:09, 26 октябрь

2016 йил 25 октябр куни Ҳелсинки шаҳрида Ўзбекистон ва Финландия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг еттинчи раунди бўлиб ўтди. Финландия делегациясига ТИВнинг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё ишлари бўйича департаменти Бош директори Маимо Ҳенрикссон бошчилик қилди.

Финландия томонига Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан Финландия президенти Саули Ниинистонинг Ўзбекистон халқига йўллаган ҳамдардлик мактуби учун мамлакатимиз раҳбарияти номидан миннатдорчилик билдирилди.

Маслаҳатлашувларда сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамда Ўзбекистон-Европа Иттифоқи шаклидаги, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва уни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари батафсил муҳокама қилинди.

Учрашувда томонлар ўзаро алоқаларни нафақат давлатлараро даражада, шунингдек бизнес, фан, таълим ва маданият муассасалари ўртасида ҳам фаоллаштиришга қизиқиш мавжуд эканлигини таъкидладилар.

21 октябрда имзоланган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонининг асосий қоидалари ҳақида Финландия томонига тушунтирилди ва ушбу ҳужжат мазкур соҳадаги давлат сиёсатини янги сифатли босқичга кўтарилгани таъкидланди.

Учрашувда ўзаро савдо ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва унинг дахлсизлиги кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, республикада инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони Финландия томонида катта қизиқиш уйғотди.

Маслаҳатлашувлар давомида Ўзбекистон-Финландия кун тартибининг бошқа масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Музокараларда Финландиянинг Ўзбекистондаги Элчиси Никлас Линдквист иштирок этди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!