Ўз ўғлини 20 йил ертўлада сақлаган ота

14:20, 26 октябрь

Бразилия полициячилари Сан-Паулу шаҳрида ўтказган рейдда уйлардан бириди ертўлада каравотга занжирбанд қилинган эркакни учратди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.

Ҳуқуқ тартибот идоралари ходимларининг тахминига кўра, 36 ёшли Армандо ди Андради (Armando de Andrade)ни отаси ва ўгай онаси 20 йилдан бери ертўлада сақлаган. Уни қутқарган полициячилар оёқ ва қўлларининг тирноқлари жуда ўсиб кетганлигини, ҳолдан тойганлигини кўришган. Ертўланинг ойнаси, чироғи бўлмаган, поли нажас билан қопланган.

Полиция бошлиғи Селсо Маркиори (Celso Marchiori)нинг маълумот беришича, Армандо полициячиларнинг саволига жавоб беролмаган, ҳатто уларни танимаган. Полициячилар “Тез ёрдам” хизматига қўнғироқ қилган, улар Армандони касалхонага ётқизган. “Антисанитар ҳолатдаги, зим-зиё хонада 20 йил яшашни тасаввур қилиш жуда қийин”, деди Маркиори. Андради 16 ёшида бедарак йўқолган. У ҳамма ўсмирлар қатори вояга етган, скейтбордга қизиққан, гитара чалган. Унинг бедарак йўқолганлиги ҳолати бўйича сўроқ қилинган отаси ва ўгай онаси Андради Бразилиянинг бошқа шаҳрига кўчиб кетганлигини, ҳамма иши жойидалигини маълум қилган. Қўшниларнинг тахминига кўра, уни ота-онаси спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги туфайли ертўлага қамаб қўйган. 

Армандонинг отаси Амансио ди Андради (Amancio de Andrade)нинг таъкидлашича, ўғли 18 ёшда уйдан чиқиб кетиб, бир ҳафта илгари оиласига қайтган. Ўғли гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилганлиги туфайли унинг талабига кўра ертўлага қамаб қўйганлигини тан олган. Полиция тергов ишларини бошлаб юборган. Ҳозирча Армандонинг отаси ва ўгай онаси қамоққа олинмаган. Аммо уларнинг бу қилиғидан ғазабланган қўшниларидан қочиб, уйларини тарк этган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!