Қирғизистон Президенти Ўзбекистон раҳбарига алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича кўрилган чоралар учун миннатдорчилик билдирди

16:34, 26 октябрь

26 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ҳамда Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаев ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон раҳбари матбуот хизматига асосланган ҳолда “Газета.уз” хабар қилди

Томонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама муносабатлар ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилди.

Алмазбек Атамбаев Шавкат Мирзиёевга Ўзбекистон раҳбариятининг икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларига қаратилаётган эътибор, давлатлар ўртасидаги дўстона қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорчилик билдириб, қардош Ўзбекистон халқига тинчлик ва равнақ тилади.

Қайд этиш жоизки, мулоқот бош вазир ўринбосари Адҳам Икрамов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Қирғизистонга ташрифи куни бўлиб ўтди.

Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотларига кўра, давлат чегарасидаги «Достук» назорат-ўтказиш пунктида делегацияни бош вазир ўринбосари Мухамметкалий Абулгазиев, бош вазир ўринбосари Жениш Разаков, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Данияр Сидиков, Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятлари раҳбарлари, шунингдек, оқсоқоллар, жамоат ва маданият вакиллари қарши олди.

Ўзбекистон делегацияси таркибидан Андижон, Наманган ва Фарғона вилояти раҳбарлари, давлат органлари, маданият, спорт вакиллари, диний уламолар ўрин олган.

Ташриф доирасида қатор маданий-оммавий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. Учрашувлар якуни бўйича икки томонлама ҳужжатлар имзоланади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!