Қайнона келинларни тенг кўрмаса...

16:39, 26 октябрь

— Қайнона икки келинни бирдек кўрмасдан уларни ажратишига, биридан бирини устун қўйишига (уй юмушларида ҳам) динимизда қандай ҳукм бор?

 

Саволга Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман бош имом хатиби, «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли жавоб беради.

 

— Динимиз доимо одамларга адолат билан муомала қилишга буюради. Ҳатто бир кишини қайсидир хулқини ёмон кўрсак ҳам ёки шахси бизлар учун ёқимсиз бўлган тақдирда ҳам унга муомала қилаётганда ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилиб, адолат билан муомала қилиш лозим. Кимнидир ёмон кўришимиз унинг ҳаққини поймол этиб, адолатсизликка йўл қўйишимизга сабаб бўлолмайди. Қуръони каримнинг кўп оятларида адолат қилишга буюрилади. Жумладан, Моида сурасининг 8-оятида: «Адолат қилингиз! Зеро, бу тақвога яқиндир», дея марҳамат қилинади. Тафсир уламолари ушбу ояти каримани шарҳлар эканлар: яъни «Эй мўминлар ким бўлишидан қатъи назар — хоҳ у дўстингиз бўлсин, хоҳ душманингиз бўлсин — барча инсонларга адолат билан муомала қилингиз! Зулм қилмангиз!» дея маъно берганлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам доимо адолатга чақирганлар, ўзлари ҳам одамларга шундай муоамала қилганлар. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳатто фарзандлар ўртасида ҳам адолат қилишга буюрганлар. Жумладан, бир муборак ҳадисларида: «Аллоҳдан қўрқингиз ва болаларингиз ўртасида адолат қилингиз!» деганлар.

     Юқорида зикр қилинганлардан ойдинлашадики, ҳамма бир-бирига адолат билан муомала қилиши лозим. Қайнона келинларининг бирини паст, бошқасини баланд кўриши ва шунга кўра бирига яхши, иккинчисига ёмон муомала қилиши дуруст эмас. Балки, бу зулмнинг бир турига киради.

Muxlis.uz сайтидан олинди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!