Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига келаётган ҳар бир мурожаат қатъий назоратга олинган

16:47, 26 октябрь

Тошкент вилояти, Янгийўл туманида яшовчи Ҳикоят Раҳимқулованинг ўғли 1-гуруҳ ногирони бўлиб, хасталикдан азоб чекади. Шифокорлардан фарзандини Ҳиндистонда жарроҳлик амалиёти ўтказиб даволаш мумкинлигини билгач, харажатлар учун керак бўладиган хорижий валютани банкдан олиш ҳаракатига тушди. Ёрдам сўраб қилган мурожаатига "Асака" акциядорлик тижорат банки Тошкент вилояти филиали томонидан амалий ёрдам кўрсатилди, деб ёзади ЎзА.    

Мазкур мурожаат жорий йилнинг 26 сентябридан буён Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясининг ҳудудий ташкилотларида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхонаси орқали қабул қилинган эди.     

Партиянинг барча ҳудудий ташкилотларидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхонаси юқори тезликдаги интернет, турли алоқа воситалари, компьютер ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган.   

– Келаётган мурожаатлар Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги қонуни ва бошқа меъёрий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 20 сентябрдаги жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни тубдан такомиллаштириш бўйича йиғилиши баёни билан тасдиқланган тартибда кўриб чиқилмоқда, – дейди ЎзЛиДеПнинг Тошкент вилояти кенгашидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазири қабулхонаси ҳуқуқшуноси Санжар Эвадиллаев. – Изчиллик билан амалга оширилаётган  жараённинг биринчи босқичида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатини масъул ходим қабул қилиб, ахборот тизимига киритади. Иккинчи босқичда махсус ишчи гуруҳи ўргангач, тегишли вазирлик, идора ва ҳокимликларга мурожаат қилинмоқда.    

Учинчи босқичда мурожаатлар вазирлик, идора ва ҳокимият органларида қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқилиб, кўтарилган масалалар ҳал этилмоқда. Бу ҳақда  pm.gov.uz орқали ёки ёзма равишда тасдиқ олинади.

Тўртинчи босқичда ишчи гуруҳи томонидан икки иш кунида тегишли вазирлик, идора ва ҳокимликларнинг мурожаатларда кўрсатилган масалаларни ҳал этиш натижалари тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилади. Агарда муаммо юзасидан қониқарсиз қарор қабул қилинган бўлса, ариза Бош прокуратуранинг ахборот тизимига аризаларни кўриб чиқиш бўйича йўналтирилади.

ЎзЛиДеП қабулхонаси орқали ҳозирга қадар 1,8 мингдан зиёд мурожаат келиб тушди. Уларнинг 40 фоизи прописка, биопаспорт олиш ва фуқаролик масалаларига тааллуқли. Маълум  қисмини содир этилган ўғирлик, фирибгарлик ҳолатлари, шунингдек, тергов ҳаракатларини амалга оширишда йўл қўйилган камчиликлар, ички ишлар органларига ишга кириш ва қайта тиклаш, банклардан сармоя олиш ва шу каби масалалар ташкил этаётир.

Айни вақтда  мурожаатларнинг 1 минг 480 таси  кўриб чиқиш жараёнида бўлса, 320 мурожаат юзасидан тушунтириш берилган. Қатор жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўлиқ қаноатлантирилган. Мисол учун, Қашқадарё вилояти, Косон туманида яшовчи фуқаро А.Асадовнинг “Qarshi Grand Tour” масъулияти чекланган жамиятига меҳмонхона фаолиятини ташкил этиш мақсадида инвентар ва жиҳозлар сотиб олиш учун йирик суммада узоқ муддатли кредит ажратиш масаласидаги қилган мурожаати ижобий ҳал этилди. Тошкент вилояти, Оҳангарон туманида яшовчи фуқаро Т.Одиловнинг фермер хўжалигига тегишли ер майдони туман ҳокимлиги томонидан ноқонуний олиб қўйилганлигидан норози бўлиб ёзган мурожаати Тошкент вилояти прокуратураси томонидан кўриб чиқилиб, қаноатлантирилган.    

Бу мисоллар Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига келаётган ҳар бир мурожаат қатъий назоратга олинганидан, уларда кўтарилган масалалар тезда ечим топаётганидан далолатдир.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!