«Она, сизга ўхшагим келади…»

16:50, 26 октябрь

Она, омонмисиз? Менинг дардларим сизни адо қилмадими? Соғиндим – бағрингизга бошимни қўйиб, ҳаммасини унутгим келади. Бир дунё ташвишларим сизга сира оғирлик қилмади-а? Нега? Онажон, жонингиз темирданми? Агар темир жон бўлсангиз, нимага бағрингиз иссиқ? Ҳеч Сиздек бўлолмадим, чидамли, бардошли ва бағрикенг... Нима қилсам Сизга ўхшайман?! Ўхшолмасам керак...

 

Уйга борганимда дарвозадан пешвоз чиқмасангиз, қалбим яйрамайди. «Бугун Сизни кўргани бораман», деб боролмасам ўртанаман, «Уйдан чиқолмадим, Она» десам, «Рўзғоринг тинч бўлсин, мен юрибман-да шу ҳовлида ғимирлаб», дейсиз... Шу ҳовлида ғимирлаб юрганингиздан бахтиёрман, Онажон!

Юзларингиздаги ажинларни санагим ва ҳар бирини тарихини ёзгим келади. Ёзсам қоғозларнинг бағри қон бўлса керак... Умрингиздан кўчирган сатрларим мунис қиёфангизни чиза олармикан?! Биламан, менинг нотавон қаламим ярмига бормай синса керак... «Тош келса, кемирдим, сув келса, симирдим», деб гапириб қоласиз баъзан. «Нимага, бу тош тишларимни синдирди, демайсиз» десам, «Сен учун болам тоғларга елкамни тутаман», деб жавоб берасиз. «Оғриқларингни олай, болам», деб жон койитасиз… «Сизнинг оғриқларингизни ким олади, Она?» десам «Кўникканман, қизим, сенинг бахтинг бадалига келган оғриқдан айланай», дейсиз... Тавба, Тангрим Сизни қандай муҳаббат билан яратди?! Мен ҳам Сиздек бўла олармиканман?!

Шундай сўзлар бор, уларни на айтиб, на ёзиб бўлади. Сизга аталган изҳорларимни кўпи ана шундай... Айтсам ҳам, ёзсам ҳам юрагимдагидек жарангламайди. Айтганча, сеҳрли қучоғингизни, беминнат меҳрингизни тафтини қўмсайман. Биз, катта бўлиб қолган фарзандлар, ҳаёт ташвишларига андармон бўлиб, энг муҳим жараёнларни унутамиз, тўғрироғи, эътибор қилмаймиз. Боламни кузатдим, ёнидан жилсам, бирор юмуш билан банд бўлиб қолсам, нозик қўлчалари билан этагимни маҳкам тутади. Гўёки, ўша жажжи қўлчалари, беғубор нигоҳлари билан фурсатларни қўлдан бой бергиси келмаётгандек... Биз-чи?!  Тўғрироғи, мен-чи?!

Онажон, баъзида фикрларингизга қарши бораман, аммо ич-ичимдан Сизга эргашаман. Ишонинг, айтган ҳар бир гапингиз юрагимга ўйиб ёзилади. Онажоним, Сизни ранжитганлардан мен ҳам ранжийман! Бутун дунё бир томон бўлсин, ўшанда ҳам мен фақат ва фақат Сиз томонда бўламан. Чунки Сиз энг яхши ОНАсиз! Сиздан кўнгил сўрамоқчи эдим, ҳолингизни билгим келганди... Аммо яна ўзимдан ортолмадим, узр... Ҳозир ёзганларимни кулиб ўқийсиз ва «Эҳ, қизим-а, мен яхшиман, болангни эҳтиёт қил... Омонман, ҳавотир олма», дейсиз. Энди Сизга бир менинг эмас, боламнинг қайғуси, қувончи ҳам ЮК! Сиз бу ЮКни шу қадар меҳр, соғинч, шараф билан кўтарасизки, Сизга, фақат Сизга ўхшагим келаверади...

Қизингиз

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!