Эрингизни маъшуқасига қарши курашда асқатадиган 5 тавсия

17:12, 26 октябрь

Статистик маълумотларга кўра, 10 эркакдан 8 таси умрида бир марта бўлса-да, севимли ёрига хиёнат қилар экан. Руҳшунослар аёлларга фақатгина бир маслаҳат, ҳар қандай вазиятга тайёр туриш ва ақл билан ёндашишни тавсия этишади. Эрнинг хиёнатини кечириш ёки кечирмасликни ҳар бир аёлнинг ўзи ҳал қилади. Файзли оиланинг гулдек бекасининг қаршисида уч йўл туради: ҳаммасига кўз юмиб яшаш, ажрашиш ҳамда оилани сақлаб қолиш учун курашиш. Бироқ эрнинг кетини ковлаштириш, суриштиришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўринг! Ахтарган одам, албатта ўзига керакли нарсани топиши аниқ. Тажрибамдан келиб чиқиб айтаман, эрингизни кўчадаги «ҳунар»лари ҳақида қанчалар камроқ билсангиз, асабийлашишлар ҳам сиздан чекинар экан. Ҳақиқат ҳар доим аччиқ бўлган, сиз уни «ҳазм» қила олармикансиз?! Балки ҳеч нарсага эътибор бермай, тинчгина яшашда давом этган маъқулдир... Ахир от айланиб, қозиғини топади деган мақол бежизга айтилмаган-ку!

  1. Агар ҳисларингизни бошқаришга кучингиз етмаса, ёлғиз қолингда, ичингиз бўшатиш учун йиғлаб олинг. Сўнг ўзингизни қўлга олишга урининг. Ваҳимага берилиб, пашшадан фил ясаманг! Рашкдан ёнаётган бўлсангизда, ҳаммасига нуқта қўйиш учун муносабатларга аниқлик киритишни истасангизда, маслаҳатим, бу ишни қила кўрманг! Чунки фойдаси йўқ... Жаҳлингиз эрингизни сизга қарши қилиб қўяди.
  2. Жангга киришдан аввал душман томонни яхшилаб ўрганиш, шунингдек, қарши тараф билан сулҳ тузиш каби ҳолатлар ҳам бор. Бу ишга киришишдан аввал яхшилаб фикрлаб кўринг, сиз эрингизни маъшуқаси билан юзма-юз келишга тайёрмисиз? Унутманг, сиз ёлғиз эмассиз! Эрингиз фақат сизга эмас, балки ота-онаси, жигарларига ҳам керак. Шунинг учун душман тараф билан учрашгани элчи сифатида қайнона, хола-амма, қайин-бўйинларни юборган яхши эмасми? Ҳар ҳолда улар сиздан кўра босиқлик билан гаплашиши мумкин. Яна, ўша аёлнинг олдида обрўингиз тўкилмаслигига ҳам ёрдам беради.   
  3. Ўзингизга эътиборли бўлинг! Пулингиз ва вақтингизни имкон қадар ўзингизга сарфланг. Аёл ўзини севсагина, эркак томонидан ҳам севилишга эришади. Муаммодан диққатингизни узоқлаштиринг, фарзандларнингиз ва ўзингиз билан чалғисангиз... Вақтнинг ўтиши осонлашади. Муаммога ҳам бошқа ракурсдан назар солаётганингизни ўзингиз ҳам ҳис қиласиз.
  4. Асосийси, эрингиз хотиржам ва ўзига ишонган рафиқасини кўриб, танимай қолсин! Оилани сақлаб қолишни ният қилган экансиз, ҳаммасини бошидан бошланг. Ортда қолган хатоларни ҳадеб эслаш сизга ярашмайди!
  5. Унутманг! Фолбин-у иссиқ-совуқчиларга қатнаманг! Барибир фойдаси йўқ! Дуога қўл очиб, ниятингиз ижобатини Тангридан сўранг!

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!