«Хотиним туғмас» деманг! Эркакларга эркакча гап

11:36, 27 октябрь

Яқин-яқингача оиладаги бефарзандлик муаммоси биргина аёлниннг «айб»и бўлган. Тиббиётда ўтказилаётган сўнгги илмий тадқиқотлар эса бундай ҳодисанинг тахминан тенг ярмига эркаклар ҳам сабабчи бўлишини кўрсатмоқда. Бироқ ҳамиша ҳам муаммо вақтида аниқланмай, турли баҳоналарга эш қилинади... Ўзининг ёки ўғлининг саломатлигига шубҳа билан қараганларга жавобан она ва ўғил даволанишдан бош тортади. Ана энди дўппини бошдан олиб, бир ўйлаб кўринг: бу телбавор инжиқликдан кимга наф-у кимга зарар?! Мавзу юзасидан кучли жинс вакиллари ҳамда уларнинг яқинларига олий тоифали шифокор, уролог-андролог Зарифжон МУРОДОВ маълумот беради.

«САБР ТАГИ САРИҚ ОЛТИН»

Уйланганига бир йил тўлмай, рафиқасини ҳомиладор бўлмаганида айблаган йигитлар, афсуски топилади. Камига эса уларга қайин-бўйин ҳам қўшилиб, шусиз ҳам тушкунликда бўлган келинни янада сиқувга олишади. Бўлажак онани асраб-авайлашнинг ўрнига у билан бундай муносабатда бўлиш тўғримикан? Севимли ёрини боши берк кўчага ташлаб қўйгандан кўра, рўбаро келган муаммо билан биргаликда курашиш яхши эмасми? Зуғум ва терс гаплар билан аёлнинг дилини сиёҳ қилиш-у куёвтўранинг шифокор назоратидан «ҳоли» қилишни қандай тушуниш мумкин?

ШОШИЛМАНГ!

Турмуш қурганингизга ҳали бир йил ҳам бўлмади. Рафиқангиз ҳомиладор бўлмаётган бўлса, шифокор ҳузурига шошилманг. Соғлом оилаларнинг 12 фоизида мунтазам жинсий алоқалар 8-12 ой давом этганида ҳомиладорлик юз беради. Сиз ҳам ана шундай оилалар қаторида бўлишингиз мумкин.

УЯТ БЎЛАДИМИ?

Шифокорга бориш, эркаклар наздида орият иши. «Нега менинг аёлим ҳомиладор бўлмаяпти?» деган фикрнинг ўзиёқ йигитлик ғурурига тегиб кетади. Бироқ белгиланган муддат, яъни бир йил ўтиб, жуфтингизда ҳомиладорлик белгилари кузатилмаса, шифокорга мурожаат қилиш ҳақида ўйлаб кўринг ва бунга маъсулият билан ёндашинг. Бефарзандликда асосийси тўғри ташхис қўйишдир. Бунинг учун эса эр-хотин бирга текширувлардан ўтиши даркор! Тўғри ташхис масалани 50 фоизга ҳал этишга кўмак беради. 

ҲАММАСИ ЎЗ ҚЎЛИНГИЗДА!

Ҳомиладорлик юз бериши учун камида 1 мл.  эякулятда 15 (12-16) миллионга яқин сперматозоид мавжуд бўлиши керак. Уларнинг камида 40 (38-42) фоизи фаол ҳаракатчан бўлиши шарт.  Афсуски, айрим касалликлар, гормонал ўзгаришлар, инфекциялар уруғ ҳужайрасининг ҳаракатчанлиги ва миқдорига ножўя таъсир кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, Бутун дунё соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, бир йил муддат давомида аёлда ҳомиладорлик кузатилмаса, шифокорга биринчи навбатда эркак киши мурожаат қилиши керак. Чунки  эркаклар бепуштлигига ташхис қўйиш осонроқ ва кам вақт талаб қилади. Ўртача ҳисобда 3 кун кетади, холос. Бирор ножўя ўзгаришлар ёки хасталик аниқланганида эса даволаш муолажалари ҳар бир эркак учун индивидуал муддатда ўтказилади. Албатта, барчасини енгиб ўтиш ва кемтикликни тўлдириш осон бўлмайди. Сабр-қаноат талаб этилиши шубҳасиз. Энг асосийси эса ишонч ва умидни йўқотмаслик зарур.

ЎЗБИЛАРМОНЛИК ҚИЛМАНГ!

Бефарзандликнинг сабаби аниқланганда, даволашни шифокорнинг маслаҳатига биноан амалга ошириш лозим. Мутахассис буюрган дориларни адаштирмай, ўз вақтида, керакли миқдорда қабул қилинг. Баъзан гормонал воситалар тайинланиши ҳам мумкин. «Бунча кўп дори, бир-иккитасини ичмай қўя қолай...» каби қарорларга чалғиманг.

СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИГА РИОЯ ҚИЛИНГ!

Даволаниш даврида эр-хотин соғлом ҳаёт кечириши зарур. Витаминга бой таомлар тановул қилиш, ёғли, шўр, аччиқ ва ширинлик меъёридан ошмаслиги тавсия этилади. Йигитлар сауна ва ҳоказолар орқали жинсий аъзоларни ортиқча қизиб кетишидан сақлаши мақсадга мувофиқдир. Муолажа пайти спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари умуман мумкин эмас. 

АСАБЛАРНИ АСРАНГ!

Стресс ва психологик ҳолат даволанишга салбий таъсир кўрсатади. Тушкунлик организмда кучли гормонал ўзгаришларни келтириб чиқаради. Бу эса аёлларда овуляция бузилиши ёки бошқа салбий ўзгаришларни юзага келтириши мумкин. Даволаниш тугаб, ҳомиладорлик юз бермаган тақдирда ҳам хавотирга берилмаслик зарур. Одатда муолажалар тугаса ҳам, организм ҳомиладорликка тайёрланиши учун вақт талаб этилади.

«ЎҒЛИМ СОППА СОҒ!» ДЕГУВЧИ ОНАЛАРГА...

Тош асрида эркакларнинг бепуштлигини аниқлаш анча қийин бўлган. У даврда эркаклар бир қизга уйланиб, маълум муддат яшагач аёли ҳомиладор бўлмаса, бошқасига уйланар экан. Иккинчисининг ҳам бўйида бўлмаса, учинчи номзодга оғиз солар, агар бундан ҳам фарзанд кўролмаса, эркак бепушт деб тан олинар экан. Ўғлини шифокорга жўнатмаётган оналар, илтимос, қайси асрда яшаётганлари, келин ҳам кимнингдир фарзанди эканлигини унутманг!

Куёв бола, изингиздан зурриёд қолдиришни истайсиз, тўғрими? Атрофдагиларнинг аччиқ-чучук гапларига қулоқ солмай, оилангиз бутунлиги ҳақида ўйланг. Бу ишни волидангиз қарорисиз, ошна-оғайнингиз таъналарисиз ҳам эплайсиз!

Зафар УБАЙДУЛЛАЕВ оққа кўчирди

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!