Тошкентнинг Фаробий кўчасидаги уй нима сабабдан қулагани маълум қилинди

14:13, 27 октябрь

2016 йил 26 октябр куни 11:30ларда Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани Фаробий кўчасидаги қурилиш ишлари олиб борилаётган 393б-сонли бино конструкцияларининг тўсатдан қулаши содир бўлди

Янги қурилаётган уйнинг бузилишига, катта эҳтимол билан бетон қопламанинг меъёридан ортиқ босими сабаб бўлган. Бу ҳақда “Газета.uz” хабар бермоқда

Мавжуд маълумотларга кўра, ертўлага эга икки қаватли бино шундоққина кўча ёқасида («Ўзбекистон» маҳалласи) жойлашган бўлиб, унга савдо объектлари ва тренажёр зали (иккинчи қават)ни жойлаштириш режалаштирилган.

Биринчи ва иккинчи қават ўртасидаги бетон плиталар усти қурилиш материаллар билан тўлдириб ташланган бўлган. Бундан ташқари, улар янги эмас эди, деди ахборот манбалари.

Оғирликни кўтара олмаган плиталар ғиштли деворлар билан бирга қулаб тушиб, биринчи қават ва ертўла ўртасини тўлдирган.

Ҳодиса содир бўлган вақтда бинода 11 киши бўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, тўрт киши қурбон бўлган (расман уч киши экани хабар қилинган), яна бир кишининг аҳволи оғир.

Ҳалок бўлганлар орасида бино эгаси ҳам бор, унинг жанозаси шу куннинг ўзида ўтказилган. Уни таниган маҳаллий фуқаролардан бири у ҳақда ижобий фикрларни билдирди: «У жуда интилувчан, доим изланадиган инсон эди. Эндигина оёққа турган, олдинда катта режалари бор эди».

Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар қутқарувчилар кучи билан бино бўлаклари остидан олинди. Айни пайтда ҳодиса жойида тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Фаробий кўчаси транспорт воситалари ҳаракати учун очиқ.


Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!