Эр-хотин ўртасидаги қизғин эҳтирослар даври абадий эмас... Бунга тайёр бўлинг!

15:04, 27 октябрь

Биргаликда ўтадиган дастлабки мафтункор тунлар шу қадар қисқадек туюладики, ёш келин-куёв қандай қилиб тонг отганини ҳам билмай қолади. Қорни оч, кийими дазмолланмаган ёки ҳовлиси чала супурилган бўлса ҳам эркак ва аёлнинг кўзлари порлаб туради. Севган ёри бир зумга бўлса-да ҳаёлидан кетмайди, исми эса тилидан тушмайди... Эр-хотиннинг бир-бирига бўлган телбаларча интилиши вақт ўтгач оила олдидаги маъсулият ҳиссига жой бўшатади. Жуфтлик муносабатлари у қадар лаззатли туюлмай қўяди. Оилавий ҳаётнинг турли даврларида кечувчи бундай жараён жуфтлик муносабатларига хавф солиши тайин. Қандай қилиб бундай “совиш” дан ҳимояланиш мумкин? Бу саволларга олий тоифали шифокор, андролог-сексопатолог Рамазон НАЗАРОВ жавоб беради.     

Биринчи йил. “Сенсиз ўламан!”

Куёв имкон топилди дегунча ишидан эртароқ уйга қайтишга ҳаракат қилади. Келин эса сепидаги энг чиройли кўйлакларини кийиб, пардоз учун ҳафсала ва атир-упани аямайди. Бир-бирига меҳр тўла нигоҳлар билан соатлаб тикилиб ўтиришади. Севимли футбол команданинг ўйини ҳам, битта қисми қолдирилмай кўриладиган сериал ҳам унутилади. Эҳтиросларга бўйсунган жинсий ҳаётнинг жўшқинлиги эртами-кечми, ёшларни чарчатади. Романтикага бўлган иштиёқнинг пасайиши натижасида ёш эр-хотиннинг ётоғи энди икир-чикирлар борасидаги тортишув майдонига айланади. Турмушдаги тушунмовчилик ва дилхираликлар жинсий ҳаётга раҳна сола бошлайди. Ишдан кеч келингани ёки таомнинг шўр чиққанлиги каби ҳолатларда бир-бирларига ётоқдан бош тортиш билан жазо қўллашлари ҳам мумкин. Бу даврнинг талофатларсиз кечишини истаганларга бир-бирларига эътиборли бўлишлари ҳамда “ётоқхона инқирози” сабаб кескин хулосаларга келмаслик тавсия этилади.

Учинчи йил. Одатий ҳолат

Бу вақтга келиб кўпгина жуфтликлар жинсий ҳаётларига “Бир ойда икки марта, фақат шанба куни!” иборасини киритишади, яъни белгиланган жадвалга амал қилишади. Ва бу улар учун нормал ҳолат деб баҳоланади. Албатта янги келин-куёвлик даврларида бу нарсани эшитганларида “менда ҳеч қачон бундай бўлмайди” дейишлари аниқ эди. Жинсий ҳаётга совуқчилик тушишига асосан бир нарса хавф солади, у ҳам бўлса тирикчилик ташвишидир. Ёш бола йиғлаб турганида, уйда картошка қолмаганида ёки чироқ ҳақини тўлаш керак бўлганида “эҳтирос” сўзи энсани қотиради  холос...

Аммо илиқ муносабатларни сақлаб қолишга ҳаракат қилиш фақат ўзингиз учун фойда: ойда бир-икки маротаба бўлса-да, ҳамма ташвишларни ортга ташлаб, фақат бир-бирингизга вақт ажратишга ҳаракат қилинг! Чунки жинсий ҳаётнинг завқли кечиши оилавий муносабатларнинг “ёқилғи”си саналади. Ўчоқнинг сўнаётган оловига ўтин қалаб туриш кераклигини яхши биласиз.

Еттинчи йил. Шу шартми?

Бу даврга келиб иккита хавфли вазият вужудга келади. Кетма-кет фарзандли бўлиб, уйда ўтириб қолган аёл ўзининг ташқи кўринишидан қониқмайди, “семириб кетдим, ҳаётдан ортда қолдим” деб тушкунликка тушади. Эр эса рўзғорнинг ғоридан, уйда эртадан кечгача нолийдиган хотинидан, бири олиб-иккинчиси қўйиб тўполон қиладиган болалар хархашасидан безиб, оилавий ҳаёт унга зерикарли туюла бошлайди.

Унутманг: эр-хотин ўртасидаги эҳтироснинг машъаласи аёл қўлида! Модомики аёл ўзини гўзал ва ёқимли ва ёки аксинча ҳисоблар экан, эр фақатгина аёлининг фикрига қўшилади холос. Латофатли, назокатли, ўзига жалб қилишни биладиган аёлнинг ёнида бўлиш учун эркак доимо уйига ошиқади. Аёлнинг меҳри ва маҳорати эрнинг атрофдаги бегона “этак”ларга ўралашмаслиги учун яхши сабаб бўла олади. Эркакнинг севимли аёли билан ёнма-ён нафас олиш истаги ҳам шундандир.  

Ташвишга берилманг!

  • Жинсий ҳаётни яхшилаш борасида сексопатолог ҳамда руҳшуносларга мурожаат қилаётганларнинг аксарияти 5-7 йил давомида бирга яшаган эр-хотинлардир. Тажрибали мутахассислар маслаҳати “Бир кунда эрни қайтариқ қиламан” деган эълонлардан кўра ишончли ва фойдалироқ бўлади. 
  • Демак, бир-бирига қизиқиши қолмаганидан эр-хотинлар атрофга аланглай бошлаши мумкин. Ўзингизга маҳкам бўлинг, “учинчи шахс” қўшилиши оилани барбод қилади!

ДИЛНОЗА тайёрлади

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!