Жарроҳлик, лазер ва ботокссиз ажинларга қарши қандай курашиш мумкин?

09:31, 28 октябрь

Истаймизми, йўқми биз билан бирга танамиз ҳам улғаяди. Бу жараён терида ажинлар кўринишида акс этади. Ёқимсиз ҳолат, аммо ундан бутунлай қочиб бўлмайди. Унинг пайдо бўлишини кечиктириш эса ўз қўлимизда. Олий тоифали косметолог Маҳбуба МАМАНОВА бу борада тавсиялари билан бўлишади.  

Тозаланг

Юз терисининг устки қаватини мудом тозалаш лозим. Скраб ва турли ниқоблар ёрдамида бу ишни амалга оширмасангиз, тери нафас олиши қийинлашиб, янги ҳужайраларнинг пайдо бўлиши кечикади. Пилинг қилдиришга имконингиз йўқми? Унда юз ювиш учун мўлжалланган гелга майдаланган қаҳва ёки денгиз тузидан оз миқдорда қўшиб, табиий скраб тайёрлашингиз мумкин.

Пардоз воситаларида витамин бўлсин!

А витамини нобуд бўлган тери ҳужайраларининг тез кўчиши ҳамда ажинларга қарши курашувчи коллаген моддаси ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради. У теридаги чўзилувчанлик хусусиятини сақлаб қолиб, мимик ажинлар чуқур из қолдиришига йўл қўймайди. Олимлар А витамини каби таъсир кўрсатувчи сунъий моддалар — ретиноидларни кашф этишган. Пардоз воситаларини харид қилишда таркибида А, Е, С витаминлари ҳамда ретиноид моддалари борларини танланг.

Намлантиринг!

Қатъий қоидага амал қилинг: юз терисини қуритадиган атир совунлардан фойдаланманг. Танловингиз болалар совуни бўлсин! Кунига 8-10 стакан илиқ қайнатилган сув ичинг. Бу билан организм, шу жумладан, терини ҳам керакли миқдорда суюқлик билан таъминлайсиз. Тери турингизга мос келадиган намлантириш ва озиқлантириш хусусиятларга эга кремдан фойдаланинг.

Қуёшдан эҳтиёт бўлинг!

Ультрабинафша нурлар тери нафас олиши ва ундаги моддалар алмашинувига ижобий таъсир кўрсатади. Бироқ унинг меъёрдан ошиши терини қуритиб, коллаген ишлаб чиқарилишини камайтиради ва ажинлар юзага келиши учун қулай шароит яратади. Маслаҳатимиз, мунтазам қуёшдан ҳимояловчи кремдан фойдаланинг.

Тўғри овқатланинг!

Таомномангизда табиий маҳсулотлар кўп бўлсин. Мева ва сабзавотларни имкон қадар хом ва қайнатилган кўринишда истеъмол қилинг. ҳайвон ёғларидан бутунлай воз кечинг, ўсимлик ёғлари организм учун кўпроқ фойдали. Балиқ энг яхши гўшт саналади. Таркибида антиоксидантлар мавжуд бўлиб, кексайиш жараёнини секинлатади.

Соғлом турмуш тарзига риоя қилинг

Чарчаганимиз, тушкун кайфиятда эканимизни атрофдагилар қаердан билишади? Албатта, юз-кўзимизга қараб-да! Юзингиз, қовоғингиз салқиб, ёшингизга ёш қўшишини истамасангиз, вақтида ухланг.  Кундалик уйқу 8 соатдан кам бўлмасин. Мушаклар ва тери тонусини ошириш учун жисмоний машқларни бажариш ҳам зарар қилмайди.

Уқалаш фойда беради

Ягона шарти бу муолажани 30 ёшдан катта аёллар бажариши лозим. У ёшгача эса уқалашга эҳтиёж бўлмайди. Юз мушакларини бўшаштириб, бармоқлар ёрдамида енгил ҳаракатлар билан юзни шапатиланг. 3-5 минутли уқалаш етарли. Бу муолажа ҳар куни бажарилса, юз терисида қон айланиши яхшиланиб, унга озуқавий моддаларнинг етиб келиши тезлашади.

Осон ниқоблар: улар учун вақт топинг!

1-ниқоб: 1 чой қошиқ желатин 2 ош қошиқ илиқ сувда эритилади. 5-10 дақиқадан сўнг ҳосил бўлган желега 1 дона тухум сариғи қўшилади. Ниқоб тозаланган қуруқ юз терисига 15-20 минутга суртилиб, ювилади. Сўнг намлантирувчи лосьон ёки крем суртилади. Бу ниқобни ҳафтасига бир марта қўллаш тавсия этилади.

2-ниқоб: яримта бананни қирғичдан чиқариб, 2-3 томчи бодом ёғи қўшиб, юзга суртилади. 15-20 дақиқадан сўнг ювилади. Бу ниқобни ҳафтасига 2 марта қўллаш мумкин.

Дилноза тайёрлади.  

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!