Хол ва норларни йўқотиш мумкинми?

09:49, 28 октябрь

Хол ва норларни йўқотиш мумкинми?

 

Ҳар бир инсонда ўртача 10 тадан 40 тагача хол бор. Танамизнинг турли аъзоларида жойлашган холлар баъзан гўзаллигимизга гўзаллик қўшса, гоҳида аксинча бўлиши ҳам мумкин. Хол ҳақида одамлар орасида турли фикрлар бор. Кимдир уни олиш мумкин эмас, деса, бошқа биров бунда ҳеч қандай хавф кўрмайди.

Хол илмий оламда «невус» деб аталади. Баъзи невуслар саратон касаллигини қўзғатиши ҳам ҳақиқат. Худди шундай қизил нуқтачалар кўринишидаги ангиомалар ҳам мавжуд. Ангиомаларни махсус лазер ёрдамида олиб ташлаш мумкин. Улар ҳомиладорлик даврида, контрацептив дори воситалари қабул қилганда, жигар ёки ошқозон ости безлари ва баъзи ирсий касалликлар оқибатида пайдо бўлиши мумкин. Ҳомиладорлик даврида пайдо бўлган ангиомалар олти ой мобайнида йўқолади.

Олиб ташлаш усуллари

Илгари хол қўйиш русум бўлган бўлса, ҳозирги кунда уларни олиб ташлаш одат тусига кириб бормоқда. Тиббий гўзаллик марказлари ҳам аёлларнинг бу истагини амалга оширмоқда. Ҳозирги кунда шаҳар клиникаларида хол ва ҳатто норларни ҳам олиб ташлаш хизматлари кўрсатилаяпти. Ўз мижозлари саломатлигига аҳамиятли клиникалар уни олиб ташлашдан аввал мижозга онкологик текширувлардан ўтишни тавсия қилади. Ва мутахассис кўрсатмаларига асосланиб, мижоз саломатлиги учун безарар усул танлашга ҳаракат қилади.

Лазер ёрдамида олиб ташлаш усули тез ва оғриқсиз. Олиб ташланган холнинг изи қолмайди ва тери соғлом тўқималарига зарар етмайди. Хол ўрни эса 10 кун ичида тузалади. Таъқиқланган ҳолатлар: турли онкологик ва тери касалликлари, эмизиш даври, ультрабинафша нурларга таъсирчанлик.

Жарроҳлик йўли асоратли холларга нисбатан қўлланади. Бу кичик жарроҳлик амалиёти бўлиб, бемор тез орада одатдаги ҳаёт тарзига қайтади. Жарроҳлик амалиётини амалга оширишдан аввал турли текширувлардан ўтиш лозим.

Ёш кўрсаткичи

Холни олиб ташлаш учун ёшнинг фарқи йўқ. Албатта, кичик ёшдаги болаларга бундай муолажалар тавсия қилинмайди.

«Олдирсам, кўпаядими?»

«Холларни олиб ташлаш уларнинг кўпайиб кетишига олиб келади», деган фикр ҳам мавжуд. Бу нотўғри. Қолаверса, хол кўп ишқаланадиган, қўл, кийим ёки бошқа нарсалар тегадиган жойларда бўлса, уни олиб ташлаган маъқулроқ. Чунки бундай невусларга шикаст етиши хавфи юқори. Шикастланган хол эса меланома ривожланишига туртки бўлиши мумкин. Шунингдек, унутмангки, шикаст билан биргаликда, ўзбилармонлик билан даволаш ҳам хавфли.

Эҳтиёт бўлинг!

Аммо ҳеч қачон холни ўзбилармонлик билан (халқона усуллар билан) олиб ташлаш ярамайди. Гўзал бўлиш истаги саломатлигингизга хавф туғдиришини истамасангиз, аввал дерматоонколог кўригидан ўтинг. Холни олдирмоқчи бўлсангиз, бу ишни албатта тиббиёт масканида мутахассис шифокор назоратида остида амалга оширинг.

Танадаги «бомбача»лар

Холга шундай деб ҳам таъриф беришади. Бу эса бежизга эмас. Терисида холи кўп бўлганлар қуёш нурларида кўп тобланмасликлари лозим. Холда бирор ўзгариш рўй берганини (қичишиш, қизариш, қонаш, қаттиқлик) сезишингиз билан мутахассисга мурожаат қилинг.

Халқда холни боғлаб қўйиб йўқотиш ёки турли суртмалар ёрдамида куйдириш йўли мавжуд. Лекин бундай усул саломатлик учун хавфлилигини унутманг!

Холдаги тукларни олса бўладими?

Холдаги тукларни юлиб олиш эмас, кесиш лозим. Бундай туклар яхшилик аломати. Чунки тукли холларда меланома ривожланиши кам учрайди.

 

Холни тақдир белгиси дейишади. Асосийси, танангизнинг қаерида бўлса ҳам унчалик катта бўлмаса, ранги ўзгармаса ва безовта қилмаса, унга тегмаган маъқул.

 

Мақола «Medas» клиникаси директори, пластик хирург Ҳамидулла АСАДОВ билан ҳамкорликда тайёрланди.

Мадина тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!