Севиб қолдингиз! Мана, бунинг 15 исботи!

10:00, 28 октябрь

Дабдурустдан рўй берадиган воқеалар ҳар доим ҳам ёқимли бўлавермайди. Лекин истисно ҳолатлар ҳам борлигини инкор этолмаймиз. Масалан, севги-муҳаббат борасида. Дугонажон,  сиз қанчалик тан олишдан бош тортманг, севиб қолганингизни кўзларингиз ошкор этяпти. Сўзларимизга ишонмаяпсизми?..

1. Кардиограмма натижаларига кўра, юрагингиз уриши ўзгарган. Бу ўзгаришга касаллик эмас, балки кимдир сабабчи.

2. Хаёлан ўз фамилиянгиздан воз кечиб, исмингиз «у»нинг фамилияси билан қандай жаранглашини такрор ва такрор ўйлайверасиз.

3. Ижтимоий сайтларга тез-тез кирадиган бўлиб қолгансиз. Ҳар кирганингизда «у»нинг профилларида меҳмон бўлмасдан кетолмайсиз. Вазият шу даражадаки, “у” ҳақидаги маълумотларни уйқудалигингизда сўрашса ҳам аниқ айтиб бера оласиз.

4. Ҳар эҳтимолга қарши шкафингиздаги учта энг-энг чиройли, бежирим кўйлакларни ювиб, дазмоллаб қўйгансиз. Биринчи, иккинчи ва учинчи учрашувларга тайёр туришни маъқул кўргансиз, шундайми?

5. Мелодрама жанридаги фильмлар, романтикага бой асарларга бефарқлигингиз қаерда қолди? Энди эса уларни эртадан кечгача томоша қилишдан, ўқишдан чарчамаяпсиз. 

6. Интернетда ўтириб «у»нинг исми ёнидаги ICQ белгиси қачон яшил рангда ёнишини кутишдан чарчамаслигингизга тасанно.

7. Сизга ўз иши билан қўнғироқ қилган яқин дугонангизга бир соат давомида фақатгина бир мавзу, “у” ҳақида тинмай гапирасиз. Хайрлашиш олдидан эса аслида нимага қўнғироқ қилганини сўрашингизга дугонангиз ўрганиб қолган бўлса керак?

8. Ҳар доимгидан эртароқ уйғониб, пардоз, турмак ва кийимларингизга кўпроқ вақт ажратяпсизми? Тўғри-да, ахир “у”ни ҳар дақиқада учратиб қолиш эҳтимоли бўлса.

9. “У” ёқтирган мусиқа гуруҳининг ҳамма қўшиқларини эринмай бирма-бир эшитиб чиқдингиз, тўғрими? Қойил!

10. Нутқидаги ҳар бир сўз, ҳаттоки, “Салом” ҳам сиз учун худди ҳушомаддек туюлади.

11. Журнал ёки газетани қўлга олишингиз билан, энг аввало, унинг буржи учун берилган мунажжимлар башоратига кўз югуртириб, ўзингизники билан боғлашга ҳаракат қиласиз.

12. Узоқ ўйлаб аниқ бир қарорга келгансиз: туғилган кунига ва танишган кунингизнинг бир йиллигига нима совға олишни режалаштириб қўйганингизга анча бўлди.

13. Қисқагина суҳбатингиз давомида “Кўринишим қандай?” деган савол миянгизда тинимсиз айланишидан ҳайронмисиз?

14. Бирон тадбир ёки кечада уни учратиб қолсангиз, тинчлигингиз йўқолади. “Саломлашайми ёки йўқ? Олдига борсаммикан? Ёки мени кўриб қолишини кутайми? Мени кўргани билан рақсга таклиф қилармикан? Балки у мени ҳақимда умуман ўйламаётгандир!» деган хаёллар сизни қийнаганидан ўзингизни қаерга қўйишни билмайсиз.

15. Севги-муҳаббат борасида гап кетганда, дугоналарингизни “оҳ-воҳ”ларига энса қотириб ўтиришларингиз қаерда қолди?

 

Жимсиз... Демак, гапларимиз ёлғон эмаслиги аниқ. Севги сиз учун бегона бўлмаса, дунёдаги бахтли инсонлардан бирисиз. Ахир севиб-севилишга, бахтли бўлишга ҳар биримиз лойиқмиз.

ДИЛНОЗА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!