Покистонда фотосурати билан дунёга танилган мовий кўзли афғон аёли қамоққа олинди

10:16, 28 октябрь

ХХ асрда фотосурати орқали машҳур бўлган афғонистонлик Шарбат Гула номли аёл Покистон полицияси томондан қамоққа олинди, деб хабар берди “Vesti.ru” нашри.

Мовий кўзли афғон аёлининг фотосурати у 13 ёшлигида, яъни 1985 йилда National Geographic журналининг муқовасини безаганди. Унинг сурати жаҳон фотографияси тарихида машҳур бўлиб, урушга қарши бўлган аёл тимсоли деб қабул қилинган эди. Шарбат Гула съёмка пайтида минглаб афғонлар каби 1979 йилда Афғонистонга киритилган совет ҳарбийларидан қочган қочоқлардан бири эди.

Шарбат Гула 26 октябрь куни Афғонистонда давом этаётган салкам 40 йиллик фуқаролик урушидан қочган, аксарият афғонлар яшайдиган Пешовар шаҳрида қўлга олинган. Айни вақтда Покистон ҳудудида 1,4 миллион нафар афғонлар яшайди. Покистон ҳумуатининг хабар беришича, 44 ёшли Шарбат Гула қонунга зид равишда Покистон паспортини қўлга киритган. Афғон қочоқлари учун қалбаки паспорт сотиб олиш оддий ҳолга айланган. Покистон фуқаролиги уларга мамлакат ҳудудида эркин ҳаракатланиш, уй-жой сотиб олиш, шахсий бизнесини очиш, никоҳдан ўтиш имконини беради. Қалбаки паспортларга қарши кураш “Толибон” террорчилик гуруҳи раҳбари, отиб ўлдирилган Ахтар Мансурнинг ёнидан бошқа шахснинг номига олинган Покистон паспорти топилгандан кейин кучайган. Террорчи қалбаки паспорт ёрдамида чегарадан бемалол ўтиб-қайтиб юрган. Шарбат Гула 2014 йилда Шарбат Биби номи билан қалбаки паспорт олган. Унга паспорт олишда кўмаклашган икки ходимга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилган. Тергов давомида уларнинг айби исботланса, 14 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши, Шарбат Гула эса Афғонистонга депортация қилиниши мумкин.  

Аёлни суратга тушириб, дунёга машҳур қилган фотосуратчи Стив Маккарри Шарбат Гуланинг қамалишига ўша куннинг ўзидаёқ норозилик билдирди. У ўзининг “Фейсбук” саҳифасида аёлни қутқариш учун қўлидан келганча ҳаракат қилишини, унинг қамалишини эса инсон ҳуқуқларини поймол қилиш, дея изоҳ қолдирган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!