«Истиқлол» санъат саройида тадбиркорлар ва масъул идора раҳбарларининг очиқ мулоқоти бўлиб ўтди

10:28, 28 октябрь

Пойтахтимиздаги «Истиқлол» санъат саройида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат солиқ, божхона қўмиталари, Адлия, Ички ишлар вазирликлари масъул ходимлари, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари иштирок этди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 5 октябрда имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ижроси билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев, Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов, Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Парпиев, ички ишлар вазири А.Аҳмадбоевлар иштирок этишди. 

Йиғилганлар Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил 21 октябрь куни имзолаган "Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон мазмун-моҳияти ҳақида ҳам фикр алмашишди. 

Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган тадбирда видеоконференцалоқа тизими орқали пойтахтимизнинг барча туманларида фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари вакиллари мулоқотга қўшилиш имконига эга бўлди. Тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутасаддилардан жавоб олди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!