Ҳомиладорликда шамоллашни уй шароитида қандай бартараф этиш мумкин?

11:51, 28 октябрь

Ҳомиладорликда (айниқса илк ойларида) бўлажак она ҳар қандай хавфдан ўзини асрай олиши шарт. Сиз оддийгина деб аҳамият бермайдиган тумов ҳам туғилажак фарзандингиз соғлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Хўш, ҳомиладор аёл шамоллаб қолса, қандай йўл тутиши керак? Қуйида шифокор-гинеколог Барно ОТАВАЛИЕВАнинг уй шароитида шамоллашни қандай даволаш борасидаги тавсиялари билан танишинг.

Аввало ҳолатингизни тўғри баҳоланг: шамоллаганмисиз, грипп юқтирганмисиз ёки тумов бўлгансиз?

Грипп ўзини тезлик билан намоён этади. Кутилмаганда тана ҳароратининг 38 даража ва ундан ортиқ кўтарилишидан бошланади. Қуруқ йўтал, безгак ва қалтираш безовта қилади, бош оғрийди, баданда зирқираган оғриқ туради, иштаҳа йўқолади.

Шамоллаш гриппдан фарқли равишда дастлабки кунларда ўзини сездирмайди. Бурун битади ёки ундан сув оқади, томоқ қичишади ёки оғрийди, йўтал, кучсиз ёки ўртача бош оғриғи, кўздан ёш оқиши безовта қилади, тана ҳарорати бироз кўтарилиши мумкин.

Тумов бурун битиши ёки оқишидан бошланади. Бу — бурун шиллиқ қаватининг яллиғланиши. Белгилари: иситма, қалтираш, мушаклар зирқираб оғриши, бош оғриғи, бурундан қонли ёки йирингли ажралма келиши.

Ўзингизда шамоллашнинг илк белгиларини сезганингизда…

  • Шамоллаш энди бошланиб, бурун ачишиб қичишаётганини сезишингиз билан қайноқ ҳолатдаги бир стакан асалли сут ичиш ҳомиладор аёлларга жуда фойдали.
  • Кун мобайнида уй ҳавосини тез-тез шамоллатиб, исириқ тутатиб, ҳидлаш ҳам яхши самара беради.
  • Агар аёлнинг организми шамоллашга мойил, иммунитети паст бўлса, ёнғоқ, майиз, асал, қизил лавлаги, кўкатларни мунтазам истеьмол қилиб туриши керак.
  • Шамоллаш бошланаётган вақтда аччиқ мастава, саримсоқ пиёз истеъмол қилиш керак.

Тумовда...

Сирли идишга иккита картошка солиб, паст оловда қайнатилади. Картошка пишиш арафасида бир чой қошиқ истеъмол содаси ва 2 томчи йод солинади. Яна бироз қайнагач, оловдан олиниб, буғидан чуқур-чуқур нафас олинади. Бу муолажани кунига икки маротаба эрталаб ва кечқурун такрорлаб турилса, тумов безовта қилмайди. Шунингдек, зиғир ва седанани куйдириб, тутунига бурнингизни тутиб, чуқур нафас олинг.

Гриппда...

  • Тез-тез ва кўп суюқлик (лимонли, асалли, малинали, қорағат (смородина)ли чой, наъматак дамламаси…) ичиб, организмга ўрнашиб олмоқчи бўлган вирусларни суюқлик билан ҳайдаб чиқариш керак.
  • Табиий гиёҳлардан тайёрланган Инсти дамламаси (дорихоналарда мавжуд) ҳам ҳомиладор аёлларга зарарсиз бўлгани учун гинекологлар тавсия этишади.
  • Томоқни мойчечак дамламаси билан чайиб туриш лозим.

Гриппнинг асорати ёмон, шу боис албатта шифокор билан маслаҳатлашиб, зудлик билан эҳтиёт чораларини кўриш шарт.

Йўтал қийнаса…

Сизни оғриқли йўтал қийнаётган бўлса, шолғомли шўрва ичинг. Шолғомнинг инсон организми учун фойдали хусусиятлари йўтални юмшатади ва тўхтатади. Халқ табобатида йўтални даволайдиган жуда машҳур рецепт бор, ҳомиладорликда шамоллаш ва йўталга қарши у ҳам ёрдам беради: яъни турп ёки шолғомнинг ичини ўйиб, ичига асал соласиз (учдан икки қисмини тўлдириб) ва устини ёпиб қўясиз. Уни эрталабгача шу ҳолатда салқин жойга қўясиз ва кунига беш маҳал ичасиз.

Томоқ оғриганда…

Оддий ош тузини товада қиздиринг. Яхши қизиб турган тузни докага ўраб, томоғингизга қўйинг. Туз узоқ вақтгача иссиқликни ушлаб туриш хусусиятига эга. Иссиқ ҳолатда қўйилган туз томоқдаги барча инфекцияларни ўзига шимиб олади. Агар томоқ ачишиб оғриса, камфор ёғи (ёки спирт) билан компресс қилиш яхши натижа беради.

Ҳомиладорлик даврида МУМКИН ЭМАС!

  • Шамоллаш бошланаётганда оёқларингизни иссиқ ванна қилиш, иссиқ ваннада чўмилиш, оёқ ва баданни буғлаш асло мумкин эмас. Чунки бунинг таъсирида ҳомила тушиши хавфи туғилади.
  • Табиий ўсимликлардан ҳам шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда фойдаланинг. Чунки айрим гиёҳлар ҳомиладорликда асло мумкин эмас.

Соғлигингизга беэътибор бўлманг! Шамоллаш ёки грипп аломатларини сезган заҳоти албатта шифокор билан маслаҳатлашинг! Унутманг, сизнинг саломатлигингиз туғилажак фарзандингиз соғломлигининг гаровидир!

Феруза БЕРДИЕВА тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!