Мастопатия: ташхис учун тестни ечинг!

11:57, 28 октябрь

Мастопатия (кўкрак безининг фиброз-кистоз касаллиги) натижасида унинг тўқимасида бир қатор ўзгаришлар юзага келади. Мастопатиянинг диффузли, тугунсимон ва фиброз-кистозли турлари мавжуд.

Бу касаллик аёл танасининг гормонал фаолияти бузилиш натижасида юзага келади ва аёл саломатлиги ҳамда кайфиятига таъсир кўрсатади. Кўп ҳолларда сут бези саратонига чалиниш хавфини туғдиради.

Мастопатия асосан 20-25 ёшдан 45-50 ёшгача бўлган аёлларда учраши кузатилади. 90‑95 фоиз ҳолатларда сут безларида пайдо бўлган ўзгариш, турли тугунчаларни аёлнинг ўзи пайқайди ва шифокорга мурожаат қилади.

Мутахассис — маммолог текширувидан ўтишнинг энг қулай вақти — ҳайз даври бошланишининг 7‑10-куни.

Касалликнинг илк аломатларини пайқаш учун аёл кўкрак безларини ҳар ҳафта, ҳеч бўлмаганда бир ойда бир марта пайпаслаб текшириб туриши, ўзгаришларни қайд этиши лозим. Сут безларида бирор ўзгаришни сезган аёл зудлик билан шифокорга мурожаат қилса, кўпгина муаммоларнинг олдини олиш мумкин.

 

Ташхис учун тест:

Мазкур тест хавф гуруҳига кириш ёки кирмаслигингизни ва касаллик асоратлари сизда бор-йўқлигини кўрсатади. Қуйидаги тест саволларига жавоб беринг, келтирилган ҳолатларни ўзингизда кузатсангиз, тасдиқ белгиси қўйинг.

  1. Ортиқча вазндан қийналаман.
  2. Стресс ҳолатларига кўп тушаман. 
  3. Биринчи фарзандимни 30 ёшдан сўнг дунёга келтирганман.
  4. Аборт амалиётини бошдан кечирганман, ҳомилам тушиб қолган.
  5. Эндокрин тизими касалликларига чалинганман. 
  6. Фарзандимни умуман эмизмаганман.
  7. Фарзандимни узоқ муддат (1,5 ёшгача ва ундан кўп) эмизганман.
  8. Она тарафдан қариндошларимда кўкрак бези касалликларига чалинганлар бор.
  9. Баъзан кўкрак безларида зирқирайдиган оғриқ сезаман ва у ҳайз келишига яқин кучаяди.
  10. Кўкрагимда қандайдир қаттиқлашиш бор.
  11. Кўкрагимда безга ўхшаш қаттиқлик ёки шиш сезаяпман.
  12. Кўкрагимда тугун ҳосил бўлганини ҳис қилдим.
  13. Кўкрамдан суюқ ажралма кела бошлади.
  14. Қўлтиқ ости қисмидаги лимфа тугунларининг катталашганини сезаяпман. 

Натижа:

3‑8 та саволга тасдиқ белгиси қўйилса: Сиз йилига камида икки маротаба маммолог текширувидан ўтиб туришингиз лозим. Касалликнинг олдини олиш (профилактика) учун тановул қилаётган маҳсулотларга творог, сут, ун ва гўшт қўшинг. Айниқса, карам истеъмол қилишга аҳамият беринг. Унинг таркибидаги моддалар аёл гормонал тизимига яхши таъсир қилади. Қаҳва, какао, кола каби маҳсулотлар истеъмолини камайтиринг.

9 ва ундан кўп тасдиқ белгиси қўйилса: Сизда мастопатия аломатлари бор. Зудлик билан маммологга кўригидан ўтинг. Охирги икки белги кузатилса, онколог-шифокор текширувидан ўтиш тавсия қилинади.

Умумий тавсиялар

Мутахассисларнинг фикрига кўра, сабзавотларга бой бўлган парҳезга амал қилиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслик, меъёрий вазн ва доимий жисмоний фаоллик кўкрак безига чалиниш хавфини 33 фоиздан 50 фоизгача камайтиради. Тановул қилаётган таомларингизга аҳамият беринг ва доимий тарзда жисмоний машғулотларга вақт ажратинг.

  • Юриш, сузиш, рақс, велосипед ёки ўзингизга маъқул бўлган спорт машғулотлари билан мунтазам шуғулланинг.
  • Вазнингизни назорат қилинг. Аёл климакс даврида семириб кетса, унда кўкрак бези саратонига чалиниш хавфи кескин ортади.
  • Дастурхонингизда доим мева-сабзавотлар, дуккакли маҳсулотлардан тайёрланган озиқ-овқатлар бўлсин.  
  • Ҳар куни дастурхонингизда албатта беш хил сабзавотдан пиширилган таом ҳамда турли мевалар бўлишига аҳамият беринг.
  • Спиртли ичимликлар ичманг.

Маммография

Маммография кўкрак бези саратонини эрта босқичда аниқлашнинг энг самарали усули ҳисобланади. Маммография ёрдамида кўкрак безида ҳосил бўлган кичик ўзгаришлар, жумладан, ўсмаларни ҳам кўриш мумкин. Касалликни эрта аниқлаш аёл ҳаётини сақлаб қолиш имкониятини яратади. Шунинг учун аёлларга йилда икки ёки бир марта маммолог-шифокор назоратида бўлиб туришни маслаҳат берамиз.
40 ёшдан ошган аёллар эса сурункали маммография текширувидан ўтиб турганлари ҳар жиҳатдан маъқул.
Серёғ таомларни суиистеъмол қилманг. Овқатингизда ёғнинг кўп бўлиши кўкрак бези саратони келиб чиқиши хавфини орттиради. Сўнгги йиллардаги тадқиқотларда таъкидланишича, турли сабзавот ва меваларда саратонга қарши ҳимоя моддалари борлиги аниқланган. Соғлиқни мустаҳкамлаш учун овқатдаги ёғ миқдори, айниқса, чорва ҳамда қуйруқ ёғларини камайтириш лозим. Уларни ўсимлик, балиқ ёғи билан алмаштириш саломатлик учун фойдали.

Мақола олий тоифали шифокор‑маммолог, тиббиёт фанлари номзоди Нигора МАҲМУДОВА билан ҳамкорликда тайёрланди.

Мадина ЛУҚМОНОВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!