Эркин иқтисодий зоналарни изчил ривожлантириш борасида янада қулай шарт-шароитлар яратилади

12:30, 28 октябрь

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев  Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида фармон имзолади.

Ҳужжат мамлакатимизда юқори технологияли янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, ҳудудларни рақобатдош ва экспортга йўналтирилган замонавий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга янада фаол жалб қилиш, ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт, ижтимоий инфратузилма ва логистика хизматларини жадал ривожлантиришни таъминлаш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни кенгайтиришнинг энг муҳим омили сифатида эркин иқтисодий зоналарни изчил ривожлантириш борасида янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинди. 

Янги ҳужжатга кўра, “Навоий” эркин индустриал-иқтисодий зонаси, “Ангрен” ва “Жиззах” махсус индустриал зоналари номини бирхиллаштириш мақсадида уларни “Навоий”, “Ангрен” ва “Жиззах” эркин иқтисодий зоналар деб аталади. 

Қуйилагилар эркин иқтисодий зоналарнинг фаолиятини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди: 

хорижий инвесторларга мамлакатимиз иқтисодиётининг реал секторларига инвестиция киритиши учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида эркин иқтисодий зоналар учун ягона ҳуқуқий режимни белгилаш, солиқ ва божхона имтиёзлари, преференцияларни бирхиллаштириш; 

маҳаллий минерал-хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлайдиган ва юқори қўшимча қийматга эга рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган юқори технологияли ва маҳаллийлаштириладиган замонавий корхоналарни ташкил қилиш учун тўғридан-тўғри инвестицияларни, авваламбор, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш, эркин иқтисодий зоналарнинг муайян соҳага ихтисослашувини қўллаб-қувватлаш ва уларда саноат кооперациясини ривожлантириш; 

эркин иқтисодий зоналарда «ягона дарча» тамойили асосида барча турдаги давлат хизматларини кўрсатишга, жумладан, рухсат бериш тартиб-таомилларига босқичма-босқич ўтиш; 

ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, йўл-транспорт ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш, шунингдек, сифатли логистика хизматлари кўрсатиш бўйича замонавий инфратузилмани шакллантириш; 

олий, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида эркин иқтисодий зоналарнинг соҳа кадрларига бўлган ҳозирги ва истиқболдаги эҳтиёжларидан келиб чиқиб, уларнинг эркин иқтисодий зоналарда жойлашган корхоналарда ишлаб чиқариш амалиётини ўташини назарда тутган ҳолда, юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни ташкил этиш. 

Эркин иқтисодий зоналар қуйидагилардан озод этилади: 

ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларидан; 

ўзининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинадиган ускуналар, хомашё, материал ва бутловчи буюмлар, шунингдек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган қурилиш материаллари учун божхона тўловларидан озод этилади (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари). 

Божхона имтиёзлари қўлланган ҳолда олиб келинган ускуналар, хомашё, материал ва бутловчи буюмлар сотилган ёки беғараз берилган ҳолларда, улар олиб келинган пайтдан бошлаб уч йил давомида божхона тўловлари қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ ҳажмда ундирилади. 

Фармоннинг кўзда тутилган имтиёзлар киритилган инвестициялар ҳажмига қараб 3 йилдан 10 йил муддатгача берилади: 

300 минг АҚШ долларидан 3 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар – 3 йил муддатга; 

3 миллион АҚШ долларидан 5 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар – 5 йил муддатга;

5 миллион АҚШ долларидан 10 миллион АҚШ долларигача ҳажмдаги инвестициялар – 7 йил муддатга; 

10 миллион ва ундан кўп АҚШ доллари ҳажмидаги инвестициялар сўнгги 5 йилда амалдаги ставкалардан 50 фоиз кам ҳажмдаги даромад солиғи ва ягона солиқ тўлови ставкалари қўлланган ҳолда – 10 йил муддатга берилади. 
Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.Азимов зиммасига юклатилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!