Ваҳший террорчиларнинг норасида гўдакларни ўққа тутиши дунёни ларзага келтирди

12:38, 28 октябрь

Суриянинг Алеппо шаҳрида террорчилар болаларга дарс ўтилаётган бошланғич мактабни портлатди, деб хабар берди “Vesti.ru” нашри.

Мактабда дарс бўлаётганда қўлбола бомба портлаган. Портлаш оқибатида уч ўқувчи ҳалок бўлган, ўндан ортиқ бола оғир яраланган. Ўқитувчи ва полиция ходимлари болаларни эвакуация қилиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилган. Навбатма-навбат бомба портлаши оқибатида юқори қаватда дарсда бўлган ўқувчилар пастки қаватга қочиб тушган. Болаларидан хавотирланган ота-оналар мактабга шошилган. Фарзандларини қидириб тополмаган баъзи ота-оналар эс-ҳушидан айрилган.

“Бу туманда ҳарбийлар йўқ, фақат мактаблар жойлашган. Жангарилар айнан мактабни нишонга олиб, дарс ўтилаётган пайтда ўққа тутишди. Ҳеч қандай гуноҳи бўлмаган норасида гўдаклар қурбон бўлди. Улар фақат билим олишни хоҳлашганди”, деди Алеппо шаҳар полицияси бошлиғи Зуҳер Саид Альдин.

Ярадор ва ҳалок бўлган бегуноҳ болалар Рази госпиталига етказилган. 

“Мана уларнинг демократияси, нафрати! Бегуноҳ болаларнинг ҳаётига зомин бўлгани учун ҳали дўзах оловида куйишади”, деб жангариларни айблади ўликхона ёнида турган мактаб директори. 

Тинч Аллепога ҳужум қилган террорчиларнинг ҳужуми оқибатида 6 нафар бола ҳаётдан кўз юмди, 16 нафари турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!