Огоҳлик: Парвоз кўрмаган қанотлар

14:49, 28 октябрь

“Ҳаётда ҳар бир инсон тақдир синовларига дуч келишини ёшлигимдан кўп бора эшитганман, лекин кун келиб аёвсиз тақдир аталмиш кучнинг  мен учун ҳам тайёрлаб қўйган синовларига гирифтор бўлишимни ҳатто тасаввур ҳам қилиб кўрмаган эдим... Тани бошқа дард сезмас деганларидек фақат ўз бошимга бундай кунлар тушганида унинг машаққатини сездим...” 

Шоҳиданинг ён дафтаридан

Мактабда тўрт дугона анча сирдош бўлиб қолгандик. Танаффус вақтида ҳам бир-биримиздан ажралмасдик. Орамизда Шоҳида дугонамиз анча ақлли, сермулоҳаза қиз эди. Нилуфар ва Зилола табиатан шўх-шодон, ўйинқароқ эдилар. 

Гоҳида тўрт дугона бир-биримизнинг уйимизда кечгача дарс тайёрлаб, тунаб ҳам қолардик. Бундан ота-оналаримизнинг ҳам кўнгиллари тўқ эди. Сабаби, бир маҳаллада яшар эдик. 

Мактабни тамомлагач, битта коллежда ўқишни давом эттирдик. 

Биз ҳаётдан мамнун эдик. Келажакка катта умидлар билан боқардик. Айниқса, Шоҳида парвозга шайланаётган қушга ўхшарди. У танлаган соҳасида етук мутахассис бўлиб етишишга ва она Ватанига хизмат қилишни катта шараф деб биларди. 

Коллежда ўқишни бошлаган кезларимиз негадир Шоҳида ўзгариб қолди. У қайси мавзуда гапирмасин дин билан боғлар, энг хатарлиси, ўзи унинг мазмунига тушуниб етмасдан сўзларди. Биз эса бунга ҳайрон қолганча индамасдик. 

Мен дугонамнинг ҳаётида бўлаётган бундай ўзгаришларнинг сабабини билишни истардим. Кунларнинг бирида мутахассислик фанларидан берилган уй вазифаларни бажариш учун Шоҳиданинг хонадонига бордик. Ана шунда дугонамнинг уйида ғалати ҳолга гувоҳ бўлдим. Шоҳиданинг дарсхонасига кирар эканмиз, ҳовли тўрида жойлашган меҳмонхонага кўзим тушди. У ерда узун соқол қўйган (чамаси, 35-40 ёшларда) одам беш-олти кишига диний мавзуда маъруза ўқиётган экан. Улар орасида Шоҳиданинг отаси ва акаси ҳам ўтирарди. Улар гоҳида баланд овозда арабча аралаш нималардир гапиришарди. 

Бу ҳолдан кўнглимда қандайдир ғашлик пайдо бўлди. Бу ҳақда Шоҳидадан секингина сўрадим. Дугонам улар томон олазарак қараб қўяркан, секингина шундай деди: “Бу киши меҳмон, бизникида вақтинчалик яшаб, ана шу ўтирган кишиларга динда буюрилган баъзи амаллардан сабоқ бермоқда”. 

Мени дастлаб ажабланартирган ҳол шу эдики, уйнинг остонасидан киришимиз билан Шоҳида бошига рўмолни ҳижоб кўринишида ўраб олди. Авзойи ҳам ўзгариб, муомаласи худди отинойиларга ўхшаб ўзгариб қолди... Кейин, негадир ўзини биздан бегонадай тута бошлади... 

Шу зайлда кунлар ўта бошлади. Шоҳида вақт ўтган сари биздан узоқлашар, бегона бўлиб борар эди. Энди у ҳижобни ўқишда ҳам ечмайдиган бўлди. Лекин мен дугонамнинг аслида ундай эмаслигини ич-ичимдан сезардим. 

Даставвал синф раҳбаримиз, сўнгра маънавият ишлари бўйича директор ўринбосари Шоҳиданинг юриш-туришида, дунёқарашида кескин ўзгаришлар бўлаётганини ўзига алоҳида таъкидлашди, аммо бунинг фойдаси бўлмади. У ўқишга келмайдиган бўлиб қолди. Мен қадрдон дугонамни вақт ўтган сари йўқотаётган эдим. Ахир биз у билан қилган орзу-умидларимизнинг барчаси наҳотки чиппакка чиқаётган бўлса... 

Кузнинг охирларида Шоҳида ўқишга келди. Минг афсуски, у бу гал бошқа мақсадда келган экан. 

Уч дугона уни ўртага олиб, роса саволга тутдик. Ахир икки ойдан буён у қорасини ҳам кўрсатмаганди. У негадир индамасди. Ғамгинлик, тушкунлик уммонининг тубсиз чуқурликларига унсиз чўкаётган кема мисол нигоҳлари маъюс эди. 

Кейин билсак, у бизни тўйига таклиф қилгани келган экан... 

Бу гапдан биз даҳшатга тушдик. Ахир, ҳали дугонамизнинг никоҳ ёшига кирмагани кўриниб турибди-ку... 

Энг даҳшатлиси, унинг бўлажак эри – ўша биз Шоҳиданинг уйида кўрган соқолли киши эди... 

У бизнинг таъналаримизни жимгина эшитар, кўзидаги ёшларни артарди. 

Наҳотки унинг ота-онаси шу қадар тубанликка юз тутсалар?! 

Адоғи йўқ саволлар мени тонгга қадар қийнади. Ўша кеча мен ухламай чиқдим. Кўз олдимдан Шоҳиданинг ерга теккудек, узун қора кўйлаги кетмай қолди. Мен тинмай дугонамни бу тубсиз жарликдан қандай қутқаришни ўйлардим. Афсуски, бунинг иложини тополмай қийналардим. 

Ноқонуний никоҳ ўқилди... 

Шундан сўнг анчагача уни кўрмадик. 

Умр дарёси ўз оқимида оқарди.

Нилуфар республика олимпиадасида ғолиб бўлиб давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Зилола бўлса банкка ишга жойлашди. Мен эса ўқишга кира олмадим. Кейинги йил насб қилса албатта ўқишга кириб, келажакда бошланғич синф ўқитувчиси бўлиш ниятидаман. 

Бир кун уйга келсам, не ҳолки милиция ходими мени сўраб келибди. 

Аввалига ҳеч нарсани тушунмадим. Маълум бўлишича, милиция ходими мени Шоҳиданинг яқин дугонаси эканлигим учун баъзи маълумотларни билиш мақсадида келган экан. 

Суҳбат давомида дугонам ҳозирги кунда Ироқдалиги, турмуш ўртоғи ҳалқаро қидирувда эканлиги маълум бўлди. Дугонамнинг қай кўйларга тушиб юрганини ўйлаб, вужудим жунжикиб кетди... 

Милиция ходими менга дафтар тутқазди. Уни ўқир эканман, кўзларимга келган ёшни тўхтата олмадим. 

Бечора дугонамиз биз қолиб мана шу қалин дафтарга бор ҳасратларини тўкиб солибди. У келажакка қанчалик умид билан қараганлари-ю, жоҳил отасига бош эгишга мажбур бўлгани, қизини ҳимоя қилган онаси отасидан еган калтаклари, турмуш ўртоғининг ғайриоддий қилиқларини армон билан ёзибди... 

Қизиқ, бир пайтлар “Алданган аёл” фильмини дугонамиз билан бирга кўриб, юракларимиз ларзага келганди. Шоҳида ўшанда айтган гаплари ҳам қулоқларимиз остидан кетмай қолганди. У: “аёллар нега осонгина шунақа тузоққа илиниб қолади?” деганди. 

Энди ўзининг қисмати не кечаётган экан? 

Эри гумдон бўлиб кетган бўлса, уни энди бошқа соқоллига тортиқ қилиб юборишдимикин? 

Бу ҳам камлик қилгандек, Шоҳиданинг отаси ва акаси ҳам қандайдир жангари ҳаракатларда иштирок этаётган тўдага бориб қўшилиб, кўп ўтмай аянчли ҳолда ўликларининг сурати келганмиш... 

Шунда бирдан ўзимни айблай бошладим. Хўш, Шоҳида оилада шундай кўйга тушиб қолган экан, нега биз жим юравердик? Ахир, уларнинг уйидаги хатарли ҳолдан хабардор эдик-ку? Бир куни мактабимизга келиб “Диний ақидапарастликнинг оқибатлари” мавзуида жуда таъсирли маъруза қилган милиция ходимларига дугонамизнинг уйида кўрганларимизни айтишни ҳатто ўйлаб ҳам кўрмадик? Нечун лоқайдлик ботқоғига ботиб юравердик?.. 

Биз-ку ёшлик қилибмиз. Шоҳидаларнинг қўни-қўшнилари, маҳалла-кўйдаги катта ёшдагилар нега бепарво қарадилар? 

Ўша тун мен учун яна бедорликда ўтди. 

Шўрлик Шоҳида бир пайтлар парвозга шайланаётган қушга ўхшарди. У бахт-у иқбол осмонига парвоз қилишни истарди. Унинг қанотлари – билими ва ноёб истеъдоди эди. У ана шу қанотлари ила ҳар қандай чўққини забт этишга қодир эди. Не ҳолки, унинг бу ноёб маънавий қанотлари беаёв синди. Йўқ, у қандайдир тасодифдан синмади, балки, кўриб-билиб туриб ўз қўли билан синдирди... 

Бунда ҳаммамиз айбдормиз. Қаноти қайрила бошлаган дугонамизни бу қузғунлардан асраб қолиш учун курашмадик. Унинг жарга қулашига, аянчли қисматига бефарқ қараб туравердик. Бундай бефарқлик аслида – уни жарга итараётганларга шерик бўлиш билан тенглигини тушуниб етмадик... 

Тун бўйи кўзёшларимни тия олмадим. Кўз олдимдан дугонамнинг ажиб табассуми ҳеч кетмасди... 

Минг афсуски, энди ҳаммаси тушга айланганди... 

“Гулираъно”

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!