“Локомотив” футболчилари меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан учрашди (Фото)

08:47, 29 октябрь

Хабарингиз бор, 2016 йил юртимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилинган. Ушбу давлат дастурига кўра кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу жумладан, “Ўзбекистон Темир Йўллари" Акциядорлик Жамияти ва “Локомотив” футбол клуби ҳам бунга ўзининг кичик ҳиссани қўшиш мақсадида бир қатор тадбирлар ўтказиб келмоқда.

Кеча “Локомотив” футбол клуби ташаббуси билан пойтахтимиздаги 23-меҳрибонлик уйида учрашув ташкил қилинди. Унга “Темирйўлчилар” жамоаси раҳбарияти ва футболчилари ташриф буюришди. Учрашув аввалида “Локомотив” жамоаси сардори Темур Кападзе сўзга чиқиб, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига клуб ва футболчилар ҳақида маълумот берди.



Сўнг болажонлар ўзлари севган футболчиларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Суҳбат давомида Ислом Тўхтаҳўжаев, Сервер Жепаров ҳамда Игнатий Нестеров каби ўйинчилар катта футболга қай тариқа кириб келганликлари, муҳим учрашув ва мусобақалар олдидан қандай тайёргарлик олиб боришлари ҳамда ёш болаларнинг ўзлари каби машҳур спортчи бўлиб етишиш учун нималар қилишлари лозимлиги ҳақида гапириб ўтишди.

Учрашув сўнггида “Локомотив” аъзолари меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига турли хил совға-салом ва спорт анжомларини тақдим қилишди. Шунингдек, ширингина болажонлар ўзлари ҳавас қиладиган футболчилар билан эсдалик учун суратга тушиш имконига эга бўлишди. Меҳрибонлик уйи раҳбарияти ва тарбияланувчилари “Ўзбекистон Темир Йўллари” Акционерлик компанияси ҳамда “Локомотив” футбол клубига омад тиладилар.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!