Оиласидан қочиш мақсадида ўзини ўлдига чиқарган эркак 23 йилдан кейин топилди

10:57, 29 октябрь

АҚШнинг Индианаполис штатида яшовчи, 1993 йилда бедарак йўқолган Ричард Хоагленд (Richard Hoagland) уйидан 1600 километр узоқликдан топилди, деб хабар берди “Аbcnews.go.com” нашри.

Маълум бўлишича, эркак янги ҳаёт бошлаш учун оиласидан қочиб кетган. У уйдан чиқиб кетганда Линда исмли рафиқаси ва тўрт фарзанди бўлган. Оила аъзолари уни шу пайтгача ҳалок бўлган, деб ҳисоблашган. Суд 2002 йилда Ричард Хоаглендни расман вафот этган, деб тан олган. Эри йўқолгандан кейин бир йил ўтгач, Линда Индианаполис штатидан кўчиб кетган ва қайта турмуш қурган. 

Оиласидан қочиб кетган Хоагленд Флорида штатининг Зекирхиллс шаҳрида қўним топган. 1995 йилда уй олган, уйланган. 23 йил давомида биринчи оиласидагилар билан умуман алоқа қилмаган. Янги жойда у ўзини Терри Симански (Terry Symansky) деб таништирган. Аслида Терри Симански балиқчи бўлиб, 1991 йилда бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган одам бўлган. Ричард унинг исми-шарифидан фойдаланган. Уйдан қочгандан кейин маълум муддат вафот этган балиқчининг отасини уйида ижарада яшаган. Ижара уйда яшаш давомида Терри Симанскига тегишли шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни ўғирлаган.

63 ёшли Хоагленднинг сирини фош этишда ҳақиқий Симанскилар оиласининг хизмати катта бўлди. Ancestry.com сайтида оила шажарасини яратаётган балиқчининг жияни амакисининг ўлимидан кейин уйланганидан ҳайрон бўлади. Шундан кейин бу ишга детектив Энтони Кардилло (Anthony Cardillo)ни жалб этади. Детектив Хоаглендга Терри Симанскининг ўлими ҳақидаги гувоҳномани кўрсатгандан кейин у айбини тан олади. 

Шериф Энтони Кардилло (Anthony Cardillo) Хоагленднинг бу ишини “қўрқоқлик”, деб атади. Унинг айтишича, Хоагленд худбинлиги туфайли бошқаларнинг ҳаётини издан чиқарган, унинг гапларини қочоқнинг собиқ турмуш ўртоғи Линда ва фарзандлари ҳам тасдиқлаган. Хоагленднинг кейинги рафиқаси турмуш ўртоғининг 20 йилдан ортиқ вақт бировнинг фамилиясида юрганлигидан бехабар бўлган. Аммо доим унинг ўтмишидан шубҳаланиб яшаганини таъкидлаган. 

Айни пайтда Хоагленд фирибгарлик ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланиб, суд ҳукмини кутмоқда. У ўз айбини тан олмаган ва нима учун оиласидан қочиб кетганлигига изоҳ беришни истамаган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!