Янги туққан аёл клиник ўлимни бошдан кечирди

11:10, 29 октябрь

Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида яшовчи 23 ёшли, Тамара Горецкая номли янги туққан аёл клиник ўлимни бошдан кечириб, 16 кун комада ётди, деб хабар берди “Тengrinews.kz” нашри.

Тамара қиз фарзандни дунёга келтирган, чақалоққа Рита, деб исм қўйилган. Тамара 16 сентябрь куни, ҳомиладорликнинг саккизинчи ойида вилоят марказидаги касалхонага ётқизилган. Аёлнинг буйрагида муаммолари бўлган, ҳудудий врач агар боши оғриса, турли шишлар пайдо бўлса, зудлик билан “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилиши лозимлиги ҳақида уқтирганига қарамай, Тамара соғлиғига беэътибор бўлган. У оила аъзолари билан бирга тўйга борган, ўзини ёмон ҳис қилгач, дори ичган. Шунга қарамай, аҳволи оғирлашиб, касаллик хуруж қилган, шишиб кетганидан оёғига 40-ўлчамдаги пойабзал ҳам тўғри келмаган. Шундан кейин турмуш ўртоғи “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилган.

“Тамарани касалхонага олиб келишганда, кома ҳолатида эди. Ҳозир у буни эслай олмайди. Кесарча кесиш орқали, вазни бир ярим килограмм бўлган қизча дунёга келди. Галдаги вазифамиз онани қутқариш эди. Аёлнинг мияси, ҳаётий муҳим бўлган нафас олиш ва ҳаракат аъзолари шишиб кетганди. Шиш натижасида юрак тўхтаб қолди. Бемор клиник ўлимни бошдан кечирди. У 16 кун мобайнида комада ётди, унинг тузалишига умид қолмаганди. Аммо у ўзига келди. Инсон юраги кислородсиз атиги беш дақиқа яшаши мумкин”, деди касалхона врачи Авраменко.

Тамара Горецкая туғруқхонада 41 кун ётган. Комадан кейин ҳеч нимани хотирлай олмаган, ҳамма нарсани эслатишга тўғри келган. “Ҳозир ҳеч нимани эслай олмайман. Кўзимни очганимда қизчалик бўлганимни айтишди. Бунга ҳам 16 кун бўлибди. Фақат ҳомиладор бўлганимни элас-элас эслайман. Комада ётганимда ўзимни қандайдир қоп-қоронғи қувур ичида ҳис қилдим. Юқори ёп-ёруғ эди. Типирчилаб, қувур ичидан чиқишга ҳаракат қилдим, аммо бунинг уддасидан чиқолмадим. Бу клиник ўлим ҳолати эканлигини энди англаяпман”, деб кечинмаларини сўзлади Тамара.  

Тамарага 28 октябрь куни касалхонадан уйга кетишга рухсат берилган. Қизчаси Рита 40 кун давомида яхши ривожланган. Аёл организмини қайта тиклаши учун яна даволаниши лозим, у касалхонада ётганда қизчага бувиси қарайди. “Қизим неварам билан бирга, қайтадан дунёга келди, унинг юрагини уришга мажбур қилган реаниматологлардан миннатдорман”, деди Тамаранинг онаси қувонч билан.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!