Ўзбекистонда «Олтин куз» халқаро санъат фестивали бошланди

11:47, 29 октябрь

Ўзбекистонда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилган «Олтин куз» халқаро санъат фестивали старт олди.

Фестиваль 28 октябрдан 3 декабргача Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда бўлиб ўтади.

Илк бор ўтказилаётган ушбу санъат форуми Ўзбекистон ва жаҳон санъатини ўзаро уйғунлаштирган. Мамлакатимиз ижодкорларининг чиқишлари халқимизнинг миллий мусиқа ва театр санъати ривожини кенг тарғиб қилса, чет эллик санъат усталари юртдошларимизни жаҳон классик куйлари ва оркестр ижрочилиги намуналаридан баҳраманд этади.

«Олтин куз» халқаро санъат фестивали Ўзбекистон давлат консерваториясида таниқли фортепьяночи, Я.Витола номидаги Латвия мусиқа академиясининг кафедра мудири, профессор Юрис Калнциемснинг маҳорат дарси билан бошланди.

Дастур давомида Швейцария, Франция, Латвиядан келган ёш истеъдодли солистлар Илва Вера Эйгус, Аврора Гехтер, Карлис Буковскис ҳамда ўзбек дирижёри Алибек Кабдураҳмонов иштирокида симфоник оркестр концерти бўлиб ўтди.

Фестиваль дастури кенг қамровли. Хусусан, россиялик Владимир Горбик (дирижёр), Владимир Свердлов-Ашкенази (фортепьяно), Игорь Калнин (скрипка), исроиллик Юрий Гандельсман, АҚШлик Сеннет Рошелль (фортепьяно) каби машҳур санъаткорлар иштирокида маҳорат дарслари, юртимиз ижодкорлари билан биргаликда концертлар ўтказиш режалаштирилган.

«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон миллий симфоник оркестри билан ҳамкорликда ўтказиладиган италиялик машҳур хонанда Тото Кутуньо, таниқли итальян опера солисти Алессандро Сафинанинг концерти кўпчиликда қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.

Ўзбекистон бадиий жамоалари ижодий бирлашмаси ва фольклор-этнографик жамоалар томонидан ҳам қатор тадбирлар ташкил этилади. Дуторчилар ансамбли ва “Мақом” ансамбли “Туркистон” саройида, фольклор-этнографик жамоалар вилоят марказларида концерт беради.

Фестиваль доирасида Ўзбек Миллий академик драма театри, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, Ўзбекистон академик рус драма театри, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри ва Ўзбекистон ёшлар театри Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга ижодий сафар қилади.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!