Олий Мажлис делегацияси амалий ташриф билан Германияда бўлди

11:56, 29 октябрь

Жорий йилнинг 24-25 октябрь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси бошчилигидаги парламент делегацияси амалий ташриф билан Германияда бўлди.

Ташриф доирасида Бундестаг, мамлакат парламентида кўп ўринга эга бўлган Германия социал-демократик партияси (ГСДП) ва Германия христиан-демократик иттифоқи (ГХДИ) депутатлари билан учрашувлар, Германия ҳукумати, парламенти, жамоат, эксперт-академик доиралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишнинг демократик стандартлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирлар чоғида Германия томони Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий жараёнларнинг бориши, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, фуқаролик жамияти институтларини янада мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар билан таништирилди.

Учрашувларда қатнашчиларга бўлажак Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш жараёнлари, ушбу муҳим сиёсий тадбирни халқаро стандартларга мувофиқ ўтказишнинг ҳуқуқий кафолатлари хусусида батафсил маълумот берилди. Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида Ўзбекистон сайлов қонунчилигида жиддий сифат ўзгаришлари амалга оширилиши самарасида бугунги кунга келиб соҳа ҳуқуқий асоси энг юқори демократик талабларга жавоб беради.

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси биринчи марта Ўзбекистонга сайловни кузатиш бўйича тўлиқ таркибдаги миссияни юборишга қарор қилганига алоҳида эътибор қаратилди. Қолаверса, Ўзбекистон томони сайловни кузатиб бориш юзасидан МДҲ, ШҲТ, ИҲТ, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси миссияларини, хорижий давлатлар, шу жумладан, Германиядан кузатувчиларни таклиф этди.

Ўзбекистон раҳбарияти томонидан жамиятни демократлаштириш, суд тизими мустақиллигини мустаҳкамлаш ва иқтисодиётни либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги маълумотлар Германия томонида катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг виртуал қабулхонаси фаолият бошлагани кўпчиликнинг диққатини тортди. Мазкур қадам, иштирокчиларнинг фикрича, аҳолининг манфаатлари ҳамда фаровонлиги Ўзбекистон ижро ҳокимияти учун биринчи галдаги вазифа эканидан далолат беради.

Давра суҳбати давомида германиялик маърузачилар Ўзбекистонда яратилган барқарор сиёсий тизим, такомиллаштирилган сайлов қонунчилиги ва кўп сонли маҳаллий ва халқаро кузатувчиларнинг иштироки бўлғуси сайловнинг тўласинча демократик принципларга мос равишда ўтказилишини таъминлайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!