Германиялик мутахассис ва олимлар Ўзбекистондаги сайлов жараёнлари ҳақида

12:06, 29 октябрь

Жорий йилнинг 24-25 октябрь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси бошчилигидаги парламент делегацияси амалий ташриф билан Германияда бўлди.

Ташриф доираси ўтган давра сухбати давомида германиялик маърузачилар Ўзбекистонда яратилган барқарор сиёсий тизим, такомиллаштирилган сайлов қонунчилиги ва кўп сонли маҳаллий ва халқаро кузатувчиларнинг иштироки бўлғуси сайловнинг тўласинча демократик принципларга мос равишда ўтказилишини таъминлашини қайд этдилар.

Бундестаг Халқаро ҳамкорлик қўмитаси эксперти, доктор Анреас Яннинг таъкидлашича, Ўзбекистон бутун Марказий Осиёнинг тинчлиги ва барқарор тараққиётини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. У қўшни давлатлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, жамиятни модернизациялаш ва иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган ишларни юксак баҳолади.

Маценат фуқаролик жамиятини ўрганиш институти директори, доктор Экхард Приллер Ўзбекистондаги Президент ва парламент сайловларида кузатувчи сифатида иштирок этиб, мамлакатда сайлов жараёнларини босқичма-босқич такомиллаштирилаётгани гувоҳи бўлганини маълум қилди. Германиялик мутахассис бўлғуси сайлов ҳам Ўзбекистон миллий сайлов тизимида очиқлик ва демократик тамойиллар янада мустаҳкамланганини амалда намоён этишига ишонч билдирди.

Э.Приллер Ўзбекистоннинг нодавлат ташкилотларнинг вужудга келиши ва мустаҳкамланиши борасидаги ютуқларига ҳам эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, “кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини изчиллик билан ҳаётган татбиқ этаётган Ўзбекистон бу борада наинки ижобий хоридий тажрибани амалга жорий қилмоқда, балки бошқа давлатлар ўрганса арзийдиган ўзига хос жиҳатларини ҳам намоён этмоқда.

Бранденбург технолиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш институти президенти, профессор Э.Клозе Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик кўриш жараёнларини юқори баҳолади. Унинг билдиришича, бўлғуси сайловни кузатишда етакчи халқаро ташкилотлар миссиялари, хорижий давлатларнинг кўп сонли вакилларининг иштирок этиши Ўзбекистоннинг бутун дунёга очиқлигидан далолат беради.

Германиялик олим Ўзбекистон раҳбарияти томонидан тараққиётни янги босқичга кўтариш юзасидан амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталди.

“Биз республикада сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатмоқдамиз. Шу боис Ўзбекистонда аҳолини фаровонлигини ошириш, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини барқарор ривожлантиришни таъминлашга қаратилган кенг миқёсли ислоҳотларнинг янги босқичи бошланмоқда, дея баралла айтишимиз мумкин”, дея таъкидлади Э.Клозе.

Тадбир иштирокчиларидан айримлари ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Бонн шаҳридаги Германия-Ўзбекистон жамияти вице-президенти Хайнц Бюлер:

“Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг тадрижийлиги ҳамда самарадорлигини алоҳида таъкидлашни истардим. Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти томонидан бугун эълон қилинган суд ҳуқуқ тизими мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ҳуқуқ-тартибот тизимини инсонпарварлигини янада чуқурлаштириш бўйича маълумоти мамлакатингиз ўз демократик тараққиёт йўлидан оғишмай ҳаракат қилаётганининг ёрқин инъикосидир.

Аҳоли мурожаатлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош вазири виртуал қабулхонасининг очилиши алоҳида ўринга эга. Бунда фуқаролар ҳукумат раҳбарига нафақат арз ва шикоятлари, балки ижтимоий ҳаётнинг у ёки бу жабҳасини яхшилаш бўйича аниқ таклифлари билан мурожаат этаётгани таҳсинга сазовор.

Бу ҳолат ҳокимиятнинг очиқлигидан, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг жойлардаги муаммоларни ҳал этишда кенг иштирок этаётганидан далолат беради”.

Германия корпоратив фуқаролиги маркази ижрочи директори, доктор Сюзанне Ланг:

“Ўзбекистондаги сайловолди жараёнлари ҳамда жамиятни модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан тақдим этилган маълумотлар Ўзбекистон ҳукуматининг ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига эга замонавий демократик давлатни барпо этиш йўлида собит бораётганини кўрсатмоқда.

Биз Ўзбекистонга бу йўналишда ва бошқа соҳаларда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрмиз. Ўзбек халқига давлатнинг янги раҳбари бошчилиги остида фаровонлик тилайман”.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!