Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджетини қабул қилди

12:22, 29 октябрь

Депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини қабул қилдилар.

28 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар берди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Бюджетномаси – Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини кўриб чиқдилар. Мажлисда ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – молия вазири Р.Азимов маъруза қилди.

Таъкидландики, мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш ҳисобидан юқори иқтисодий суръатларни таъминлаш вазифасини назарда тутади.

Мамлакатимиз ҳукуматининг жорий йил 15 январдаги мажлисида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг шу йил 8 сентябрдаги қўшма йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар асосида 2016 йил учун иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифаларини амалга ошириш юзасидан кўрилаётган амалий чора-тадбирлар макроиқтисодий кўрсаткичларга муваффақиятли эришишни, жорий йилда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини ҳамда Давлат бюджетининг самарали ижро этилишини таъминламоқда.

Тақдим этилган лойиҳалар макроиқтисодий мувозанатни ва барқарор иқтисодий ўсишни сақлаб қолишга, давлат қарзининг асоссиз ўсишига йўл қўймасликка, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини янада юксалтиришни таъминлашга, чуқур таркибий ўзгартиришларга ва муҳандислик, йўл-транспорт ҳамда ижтимоий инфраструктурани ривожлантириш бўйича фаол инвестиция сиёсатини юритишга, шунингдек, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, ҳудудларнинг даромад базасини кўпайтириш ва маҳаллий бюджет харажатларини мақбуллаштириб, субвенция олувчи ҳудудларни камайтиришга қаратилган.

Шунингдек, келгуси йил солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаси солиқ юкини янада камайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмурчилигини яхшилаш, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдорини янада оширишни, бюджет маблағларини самарали режалаштиришга, улардан фойдаланишнинг натижадорлигини оширишга ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади.

Депутатлар келгуси йил учун шакллантирилган солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар бўлган ялпи ички маҳсулотнинг 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 6,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг 6,2 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 9,6 фоизга ўсиши кўзда тутилаётганлигини алоҳида қайд этдилар.

Парламент аъзоларини қизиқтирган барча масалалар юзасидан олинган батафсил ахборотдан сўнг мамлакатимизнинг 2017 йилги Давлат бюджети лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокама давомида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар. Депутатлар иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларини, таълим, соғлиқни сақлаш, фан, маданият ва жамиятимиз ҳаётининг бошқа жабҳаларини ривожлантириш дастурлари ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштирилиши муҳимлигини таъкидладилар.

Энг муҳими, 2017 йилда иқтисодиётнинг устувор тармоқларини янада ривожлантиришни таъминлаш мақсадида келгуси йилда амал қилиш муддати тугаётган солиқ имтиёзларининг муддатини узайтириш таклиф этилмоқда. Бу эса тадбиркорлар тасарруфида келгуси йилнинг ўзида қарийб 500 миллиард сўмга яқин маблағ қолдириш имконини бериб, уларга ўз айланма маблағларини тўлдириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик қайта жиҳозлашни амалга оширишлари учун қўшимча манба бўлиб хизмат қилади.

2017 йилги Давлат бюджети лойиҳасида маданият муассасаларини сақлаш ва спорт тадбирларини ўтказиш харажатларининг ҳажми жорий йилга нисбатан 16,7 фоизга оширилганлиги, бунда республиканинг тарихий-меъморий, ижтимоий-маданий ва туризм салоҳиятини эҳтиётлаб сақлашни таъминлаш, шунингдек, янада оммалаштириш ва тарғиб қилиш мақсадида мамлакатимиздаги маданий ва археология мероси объектларида консервациялаш ва реставрация қилиш ишларини ўтказиш бўйича дастурни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 25,8 миллиард сўм, яъни жорий йилга нисбатан 1,17 марта кўп маблағ ажратиш таклиф этилмоқда. Бу халқимизнинг тарихий, маданий ва интеллектуал меросини асраб-авайлаб сақлаш имконини беради.

Давлат бюджетининг умумий харажатларида ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга ажратилган харажатлар 2000 йилда 42,5 фоиз бўлган бўлса, жорий йилда кутилаётган 59,5 фоиздан 2017 йилда 59,7 фоизга ошириш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, кам таъминланган ва моддий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга ва болали оилаларга бериладиган нафақалар учун ажратилган харажатлар 2017 йилда қарийб 2,6 триллион сўмдан ортиқ миқдорда, яъни 2008 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ ажратилиши режалаштирилаётгани чуқур ўйланган ижтимоий сиёсатнинг натижасидир.

Мамлакатимиз иқтисодиёти фан ва техниканинг энг илғор ютуқларига, иқтисодий жараёнларни самарали бошқаришга ва халқ таълими тизимига таяниши лозим. Бу борада 2017 йилги Давлат бюджети лойиҳасида жорий йилга нисбатан 13,0 фоизга оширилган ҳолда кўзда тутилган бўлиб, бу илм-фанни янада ривожлантириш ва давлат илмий-техникавий дастурлари доирасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш имконини беради.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакатимиз Бош вазири Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!