Москвада боланинг бошини танасидан жудо қилган энага руҳий носоғлом деб топилди

12:41, 29 октябрь

2016 йилнинг 29 февраль куни Россиянинг Москва шаҳрида “Октябрское поле” метро станцияси атрофидаги уйлардан бирида қотиллик рўй бериб, оила энагаси ҳисобланган самарқандлик Гулчеҳра Бобоқулова ўзининг қарамоғида бўлган тўрт ёшли қизчани ўлдириб, бошини танасидан жудо қилган ва боланинг бошини кўтариб кўчада юрганлиги барчани даҳшатга солган эди.

Қотилликда айбланган Гулчеҳра Бобоқуловага нисбатан қўзғатилган жиноят иши мазкур йилнинг 24 октябрь куни Москванинг Хорошевск судида кўриб чиқилди, деб хабар қилди “Газета.ру” нашри. Гулчеҳра Бобоқулованинг руҳий носоғлом, деб тан олинганлиги туфайли прокурор тиббий характердаги мажбурий даволаниш тўғрисидаги қарорни ўқиди. Қотилликдан ташқари, энага уйни ёқиш орқали жабрланувчиларга 6,5 миллион рубль моддий зарар етказганлиги аниқланди.

Тергов жараёнида Гулчеҳра Бобоқулова мазкур йилнинг 29 февраль куни Народной ополчения кўчасида жойлашган уйда бўлганлиги, бу ерда у тўрт ёшли, туғилиш жараёнида марказий асаб тизими шикастланган бемор қизга энагалик қилгани маълум бўлди. Ўша куни энага қизчани бўғиб ўлдирган, ошпичоқ билан бошини кесиб олган. Кейин уйга ўт қўйган. Уй батамом ёниб кетган, ёнғиндан умумий йўлак ҳам зарар кўрган. Шундан кейин Гулчеҳра Бобоқулова “Октябрское поле” метроси томон йўл олган. Метронинг кириш жойида ерга жойнамоз тўшаб, тиз чўкканча, намоз ўқишга киришган. Унинг хатти-ҳаракатларини кузатиб турган полициячилар олдига келиб, шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишни сўраган. Уларга жавобан аёл ёнидаги халтадан боланинг кесилган бошини чиқариб, уни ҳозир ўлдирганлигини, ўзининг террорчи эканлигини, ёнида портловчи модда борлигини айтган ва “Оллоҳу Акбар!” деб қичқирган.

Аёлнинг қўлидаги боланинг кесилган бошини кўрган полициячилар уни ростдан ҳам террорчи-худкуш, деб ўйлаган. Полициячилар зудлик билан яқин орада жойлашган савдо дўконларидан одамларни эвакуация қилган. Кўчани ички ишлар ходимлари ўраб олган. Орадан 40 дақиқа ўтгач, Гулчеҳра Бобоқулова қўлга олинган. Полициячиларнинг нима учун болани ўлдирганлиги тўғрисида берилган саволига, қотил энага “Оллоҳнинг иродаси” билан деб жавоб берган.

Прокурорнинг нутқидан кейин, Гулчеҳра Бобоқулова қораловчининг сўзлари тушунарли эканлигини, суд жараёнида батафсил кўрсатма беришини баён қилди. Шундан кейин судья сўзни қатл этилган қизчанинг онасига берди. Суд ёпиқ тартибда ўтказилгани боис савол-жавобга 40 дақиқа вақт кетди. Суд залидан биринчилардан бўлиб, таржимон Ханифова чиқди ва Гулчеҳра Бобоқулова ўз айбига тўлиқ иқрор бўлганлигини маълум қилди. 

Маълум бўлишича, Гулчеҳра Бобоқулова ушбу оилада уч йил ишлаган, унгача эса бошқа оилаларда ҳам энагалик қилган ва улардан жуда яхши тавсия олган. Аёлнинг сўзларига кўра, ушбу жиноятга уни ҳаётидаги омадсизликлар сабаб бўлган. 2000 йилда унинг саломатлигида муаммолар юзага келган, у биринчи эри Радмирдан ажрашган. Ундан Гулчеҳранинг уч фарзанди бор. Россияда у иккинчи эри самарқандлик Суҳроб Мўминов билан танишган уларнинг муносабатлари беш йил давом этган ва эри унга ҳиёнат қилганини билгач якун топган.

2014 йилда Бобоқулова Москвада тожик миллатига мансуб Маъмур Жўрақулов билан танишиб, шаръий никоҳ қурган. Бир йилдан сўнг эса унинг Тожикистонда яна бир хотини борлигини билиб қолган. Жиноятчи Бобоқулованинг сўзларига кўра, ушбу ҳодиса уни бутунлай ўзидан кетказиб, ваҳшиёна қотиллик қилишга ундаган.

Гулчеҳра Бобоқулованинг қонуний вакили бўлган, ҳуқуқшунос Александр Говердовский Бобоқулованинг суддан кейин даволаниш учун Ўзбекистонга юборишларини илтимос қилаётганини билдирди. Аммо қонунчиликка асосан жиноят қайси мамлакатда содир этилса, жиноятчи ўша ерда жазо муддатини ўташи лозим.

Бундан ташқари, Александр Говердовский Бобоқулованинг бирорта террорчилик ва экстремистик гуруҳга аъзо эмаслигини ҳам қайд этди. Навбатдаги суд мажлиси мазкур йилнинг 1 ноябрига берлгиланди. Галдаги суд мажлисида воқеага гувоҳ бўлган 10 нафардан ортиқ полициячилар гувоҳ сифатида иштирок этиши кўзда тутилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!