Тошкентда “Гимнастика барча учун” шиори остида спорт фестивали ўтказилди

09:01, 31 октябрь

Пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 14 ёшгача бўлган имконияти чекланган болалар ўртасида “Гимнастика барча учун” шиори остида спорт фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда

Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Гимнастика федерацияси, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар халқаро жамоатчилик томонидан юксак баҳоланаётгани қайд этилди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, спорт мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялашда энг муҳим восита бўлиб хизмат қилаётир. Соҳани ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида шаҳар ва қишлоқларимизда спорт билан мунтазам шуғулланиш учун барча шарт-шароит яратилмоқда.
 
Мусобақада Яшнобод туманидаги 52-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернат тарбияланувчилари ғолиб бўлди. Турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
 
Фестивалнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди. 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!