Фуқароларнинг сайлов жараёни ҳақида тўлиқ ахборот олишлари таъминланади

14:51, 31 октябрь

2016 йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида видеоконференцалоқа шаклида “Оммавий ахборот воситалари ва сайловолди ташвиқоти” мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Таъкидланганидек, оммавий ахборот воситалари эркин демократик сайловларни ўтказишнинг муҳим бўғини ҳисобланади. Сайлов жараёнида барча фуқароларга сайловда иштирок этаётган сиёсий партиялар, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди дастури, шунингдек, сайлов жараёнининг моҳияти ҳақида тўлиқ ахборот олиш шарт-шароитлари таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси ҳал қилувчи палласига кирди. Шу йилнинг 28 октябридан сайловолди ташвиқоти бошланди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга асосан сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланади. Номзодларга давлат оммавий ахборот воситаларида ҳақ эвазига ҳам эфир вақти ёки нашр майдони, нодавлат оммавий ахборот воситаларида қонун ҳужжатларига мувофиқ эфир вақти ёки нашр майдони ажратилиши мумкин.

Сайловолди ташвиқоти ўтказиш мақсадида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тартиби, ҳажми ва вақти сиёсий партиялар билан келишилган ҳолда Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади. Шу сабабли Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялардан келиб тушган таклиф ва истакларни инобатга олиб, ҳар бир номзодга ўз сайловолди дастурларини аҳолига етказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле- ва радиоканалларида 638 дақиқадан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12 та ҳудудий телеканалларида 206 дақиқа, “Тошкент” телерадиоканалида 286 дақиқадан бепул эфир вақти ажратди.

Номзодларга “Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” газеталарида 6 саҳифадан, “Нурлы жол” ва “Овози тожик” газеталарида 5 саҳифадан иборат нашр майдони бепул берилади. Бундан ташқари, ҳудудлардаги 30 та маҳаллий газетада ҳар бир номзод учун 55,5 саҳифа нашр майдони бепул тақдим қилинади.

Таъкидланганидек, сайловолди кампаниясида оммавий ахборот воситалари номзодлар учун ошкоралик ва очиқлик муҳитини яратишга кўмаклашишлари ва улар билан боғлиқ ҳар қандай очиқ ахборотни тезкорлик билан, ҳаққонийлик, тенглик ва холислик асосида тарқатишлари талаб этилади. Ахборот дастурлари ва бошқа ахборот материалларида номзодларнинг сайловолди фаолиятини ёритиб беришда оммавий ахборот воситалари тенг шароитлар, шу жумладан дастурнинг давомийлиги ва ҳажми бўйича тенг шароитлар яратиб берилишини таъминлайди.

Бунда пулли эфир вақтини ёки чоп этиш майдонини ажратиш билан боғлиқ муносабатлар оммавий ахборот воситалари ва сиёсий партиялар ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

Оммавий ахборот воситаларида тарқатиладиган ахборот ҳақиқатга мос бўлиши, номзодлар ва сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.

Семинар эркин фикр алмашиш тарзида ўтди, журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!