“Кальян” – “оммавий маданият”га айланаётган энг ёмон таҳдид

17:29, 31 октябрь

Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ва аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида “Саломатлик-3” лойихаси доирасида инсон соғлиғи ва маънавиятига салбий таъсир кўрсатувчи иллатлар ҳамда унга қарши курашиш бўйича ўз таҳлил ва таклифларини билдиради.

Маълумки, бундан 5 йил аввал қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилиниши чеклаш тўғрисида”ги қонуни – фуқароларнинг соғлиғини, аввало, йигирма ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, шу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилгандир.

Ушбу қонун ижроси бўйича алкоголь ва тамаки маҳсулотларини чакана савдосини тартибга солиш, истеъмол қилишга ва реклама қилишга йўл қўймаслик, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳаларида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Шунингдек, 2015 йил 29 декабрдан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда (56-1-модда) жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилганлик учун жавобгарлик нормалари белгиланди.

Бироқ, бугунги кунда жамоат жойларида, кафе, бар ва ресторанларда фуқаролар, айниқса ёшлар томонидан тамакидан тайёрланувчи – чилим (кальян) истеъмоли кўпайиб, “оммавий урф” ва “оммавий маданият”га айланиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, инсон бир соат давомида кальян истеъмол қилганда, бир дона сигарета чекканга нисбатан 100-200 баробар кўп тутунни ўпкага ютади ёки бир соат кальян чекиш – 100 дона сигарета чекиш натижасида инсон соғлиғига етадиган зарар билан баробардир.

Кальянда 600-650С ҳароратда кўмир ёниб туриши натижасида уни 45 дақиқа истеъмол қилган инсон организмига бир қути (20 дона) сигарета чекиш ёки 40  баробар кўп миқдорида угар гази тушади.

Кальян истеъмол қилувчилар организмида кўп миқдорда углерод оксиди, карбоксигемоглобин, смола, мышьяк (маргимуш), никотин, хром, котинин, қўрғошин ва бошқа кимёвий-ишғорли бирикмалар борлиги аниқланган.

Бу эса, саратон, юрак-томир касалликларини келтириб чиқариши, бефарзандликка олиб келиши, хаттоки кальян истеъмол қилган кишидан туғилган бола, унинг фарзанди, набираси ва ундан кейинги авлод вакиллари ҳам тамакининг зарарли таъсирларидан жабр кўришлари мумкин.

Ҳозирги кунда, кальяннинг хушбўй хидли ва енгил таъмли турлари мавжуд бўлиб, бу эса уни биринчи марта истеъмол қилган кишини жалб этувчи ва унга қарам қилувчи, хаттоки кейинчалик тамаки маҳсулотлари чекиш хоҳишини уйғотувчи ва сигарета чекишга йўл очиш хусусиятига эга.

Мутахассисларнинг якдил фикрига кўра, жамоат жойларида, хусусан кафе ва ресторанларда кальян истеъмол қилиш турли зарарли оқибатларни келтириб чиқаради. Биринчидан – унинг кўп миқдордаги тутунидан атрофдагилар ҳам азият чекади, иккинчидан – унинг “ёқимли тутуни” бошқаларни ҳам, ҳатто ёшлар ва аёлларни ўзига жалб қилиб, тамаки ва кейинчалик гиёхванд моддалар истеъмоли томон “етаклайди”, учинчидан – кальян истеъмол қилган инсонда унданда кучлироқ тамаки (наркотик) маҳсулоти қабул қилиш истаги пайдо бўлади, тўртинчидан – ёшлар ва қиз болалар ўртасида “мода”га айланиб боради, бешинчидан – кальян мундштуки (трубкаси)дан бир неча киши бир вақтнинг ўзида фойдаланиши натижасида юқумли касалликлар (гепатит, туберкулёз ва бошқа инфекциялар) тарқалишига сабаб бўлади, олтинчидан – кальянда ёниб турган кўмирдан фойдаланилиши ва эхтиётсизлик оқибатида бинода ёнғин чиқиш хавфи юқори ҳисобланади.

Бу борада Давлат рақобат қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар, мутасадди ташкилот ва жамоатчилик томонидан қуйидаги тезкор чора-тадбирларни амалга оширилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайди:

1. Фуқароларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга, аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга, уларнинг соғлиғига алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ “оммавий маданият” кўринишида урфга айланиб бораётган турли таҳдидларнинг олдини олиш ҳамда бундай халқимизга ёт бўлган иллатларни камайтиришга қаратилган профилактика, мааний-маърифий тарғиботларни кучайтириш.

2. Кальян маҳсулоти (кальян ускунаси (шиша, нагрил), тамакиси «tumbak» (Nicotiana Rustica), «mu'essel», «jurak», ароматизаторлари ва бошқа қўшимчалари)ни республикамизга кириб келиши ва ички бозорларда реализация қилинишини тартибга солиш, бундай маҳсулотларнинг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклашга қаратилган давлат дастурларини амалга ошириш.

3. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 56-1-моддаси (жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилганлик) ва 211-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик) бузилиши юзасидан ҳуқуқбузарларга (жамоат жойларида чекувчи ва чекиш учун шароит яратиб берган муассаса мансабдор шахсига) нисбатан қатъий ва тизимли равишда чора кўрилишини таъминлаш.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти в.б. Шавкат Мирзиёев айтганларидек, “Авваламбор, “оммавий маданият” кўринишида кириб келаётган турли таҳдидлар, гиёҳвандлик, диний экстремизм, миссионерлик каби бало-қазолардан ёшларни асраш, уларнинг таълим-тарбиясига ҳар бир киши масъул эканини ҳеч қачон унутмаслик зарур”.

 

Фаррух МАДАМИНОВ
Давлат рақобат қўмитаси
Реклама фаолиятини назорат қилиш ва
истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
бошқармаси бош мутахассиси

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!