Ўзбекистонга ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатиш бўйича миссияси раҳбари келди

09:29, 01 ноябрь

1 ноябрь куни Тошкентга ЕХҲТ ДИИҲБнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловни кузатиш бўйича миссияси раҳбари Йохан Петер Трауготт Тейлер ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2016 йил 28 октябрдаги қарори билан ЕХҲТга аъзо бўлган 13 та мамлакатдан 17 нафар кишидан иборат ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси асосий гуруҳини рўйхатга олган.

Асосий гуруҳ икки – таҳлилий ва тезкор бўлинмадан иборат бўлиб, бутун миссия тўлақонли ишлашини, шу жумладан сайлов билан боғлиқ барча ахборотлар тўплаш, умумлаштириш ва якуний таҳлил қилишни ҳамда миссия ва ЕХҲТ ДИИҲБ ўртасида доимий алоқани, шунингдек ДИИҲБ бош қароргоҳидан миссияга зарур ёрдам кўрсатилишини таъминлайди.

Миссия раҳбари Йохан Петер Трауготт Тейлер Швеция фуқароси, 1949 йилда туғилган, санъат магистри даражасига эга бўлиб, унинг дипломатик хизматда 40 йиллик тажрибаси бор. Турли йилларда Швеция Ташқи ишлар вазирлигида, шунингдек Швециянинг Сириядаги дипломатик ваколатхонасида ишлаган, Покистон, Афғонистон, Жанубий Африка Республикаси ва бошқа мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарига раҳбарлик қилган. 2012-2016 йилларда Швециянинг Эрон Ислом Республикасидаги элчиси бўлган.

Миссия раҳбари сифатидаги вазифалари миссия ишини назорат қилиш, шу жумладан давлат идоралари, сайлов ўтказиш бўйича органлар, сайлов жараёни бошқа иштирокчилари билан алоқалар ўрнатиш ва мустаҳкамлаш, шунингдек миссиянинг оралиқ, дастлабки ва якуний ҳисоботлари тайёрланишини таъминлашдан иборатдир.

Таъкидлаш лозимки, ЕХҲТ ДИИҲБнинг сайловни кузатиш бўйича миссияси таркибига асосий гуруҳ билан бирга 28 нафар узоқ муддатли кузатувчилар, шунингдек овоз бериш куни сайлов участкаларида кузатувни амалга оширадиган 250 нафар қисқа муддатли кузатувчилар киритилган.

Мамлакатимизга келиши 5 ноябрга режалаштирилган узоқ муддатли кузатувчиларнинг вазифалари сайлов жараёнининг турли босқичларини минтақаларда кузатиш ва миссия иштирокчиларига мамлакатда нима бўлаётганлиги ҳақида тўлақонли ахборот тақдим қилишдан иборат. Узоқ муддатли кузатувчиларнинг фаолияти ДИИҲБга минтақалардаги кузатув натижаларини инобатга олган ҳолда сайлов жараёни ҳақида тўлалигича ҳисобот тузиш имконини беради.

Қисқа муддатли кузатувчиларнинг вазифалари уларга бириктирилган ҳудудда сайлов куни кузатувни амалга ошириш, шунингдек ўз хулосалари ҳақида аниқ ва тўлалигича миссиянинг бош қароргоҳига хабар беришдан иборатдир. Етарли миқдорда қисқа муддатли кузатувчиларни жойлаштириш ДИИҲБга бутун мамлакат бўйича статистик жиҳатдан кўпроқ сайлов участкаларини қамраб олиш имконини беради. Қисқа муддатли кузатувчиларнинг мамлакатимизда жорий йилнинг 2 декабридан 6 декабригача фаолият юритиши назарда тутилган.

Таъкидлаш лозимки, сайловни кузатиш бўйича тўлақонли миссия Марказий сайлов комиссиясининг таклифига биноан ҳамда мамлакатимиз халқаро стандартларга мувофиқ мазкур муҳим сиёсий тадбирни очиқ ва ошкора ўтказишга тайёрлигини эътиборга олиб илк маротаба Ўзбекистонга юборилмоқда.

2 ноябрь куни "Radisson Blu Tashkent" меҳмонхонасида ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбарининг журналистлар учун брифинги бўлиб ўтади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!